Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази "Болаларни уларнинг соғлиғи ва ахлоқига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоя қилишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш" мавзуида илмий-амалий семинар ўтказди.
Унда Бош прокуратура ҳамда соҳага дахлдор қатор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, экспертлар, журналистлар иштирок этди.
Анжуманда марказ томонидан ахборот-коммуникация технологиялари ва интернет тармоғининг оила мустаҳкамлигига ва ривожига таъсирини ўрганиш, оилавий қадриятларни тарғиб қилишда, оилалардаги салбий ижтимоий ҳолатларнинг профилактикаси, болаларни уларнинг соғлиғи ва ахлоқига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоялашда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган илмий-амалий тадқиқот якунлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, уларда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш ҳамда болаларнинг соғлиғи ва ахлоқига, маънан етук улғайишига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш масалалари мазкур тадқиқотнинг устувор мақсадини ташкил этди.
Ўтказилган илмий тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, мазкур соҳадаги ижтимоий-иқтисодий, техникавий ва ташкилий муносабатларни 100 дан ортиқ норматив-хуқуқий ҳужжат тартибга солади. Улар асосида ахборот-коммуникация технологияларининг оила мустаҳкамлиги ва ривожига таъсири, оилавий қадриятларни тарғиб қилиш, оилалардаги салбий ижтимоий ҳолатларнинг профилактикаси, болаларни уларнинг соғлиғи ва ахлоқига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоя қилишга қаратилган муайян ишлар амалга оширилмоқда.
– Илмий-амалий тадқиқот жараёнида ўтказилган ижтимоий сўровларнинг таҳлили ҳозирги глобаллашув даврида интернет тармоғидаги болаларни ғайриижтимоий ҳаракатларга ундовчи баъзи ахборотлар ёшларнинг ижтимоий жиҳатдан фаоллиги, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатаётганидан далолат берди, – деди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази матбуот ходими Замирахон Билолова. – Ёшларнинг аксариятида интернетдан ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятга зид бўлган, қадриятларга путур етказадиган ахборотларга буткул ишониб, миллий маданий анъаналарга мос бўлмаган хатти-ҳаракатларга тақлид қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Мазкур ҳолатларга чек қўйиш мақсадида тадқиқотимизда ёшларни ғайриижтимоий ҳаракатларга ундовчи ахборотлардан ҳимоя қилишга қаратилган замонавий дастурий-аппарат ва техника воситаларини қўллашни фаоллаштириш, болаларни ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган бузғунчи ва зарарли ахборотлардан огоҳ этиш ҳамда бу борада давлат, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш, фуқаролар иштирокини таъминлаш, оммавий тарғибот ишларини амалга ошириш каби чора-тадбирлар дастурини туздик.
Семинарда тадқиқот якунларидан келиб чиқиб, тегишли таклифлар ҳам ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Ўтказилган тадқиқот борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан ҳамкорликни янада кучайтириш, тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва изчил амалга ошириб боришга келишиб олинди.
Гулноза БОБОЕВА, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА