Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Элликқалъа туризм марказига айлантирилади
2020-01-23 | Туризм
Элликқалъа тумани, Бўстон шаҳрида “Элликқалъа – туризм маркази” халқаро илмий-иқтисодий, маданий-маърифий конференция бўлиб ўтмоқда. Форумнинг асосий мақсади Элликқалъа туманини янги туризм марказига айлантиришга йўналтирилган.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Элликқалъа тумани ҳокимлиги ҳамда "Hamkor Stimul Servis" инновацион лойиҳалар илмий-тадқиқот маркази шафелиги остида ўтказилмоқда.
Анжуман иштирокчилари - Саудия Арабистони элчихонаси пресс атташеси жаноб Наиф Ал-Досарий, "Hamkor Stimul Servis" инновацион лойиҳалар илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Султонова, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Маркетинг тадқиқотлари ва миллий туризм маҳсулотларини тарғиб қилиш бошқармаси бошлиғи О.Олимжонов, Ирландиянинг маркетинг бўйича мутахассиси Пенни Онэйл ҳамда Хитой компаниясининг Ўзбекистондаги вакиллари Ли Гем Чер ва Ли Роберт. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари М.А.Жуманов ўз нутқини давлат раҳбарининг сўзлари билан бошлади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 20-21 августида Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида Элликқалъа туманини туризм марказига айлантириш вазифасини қўйган эди. Муратбой Арепбоевич, ўз ўрнида, Элликқалъа тумани ва умуман бутун Қорақалпоғистон бўйича режалаштирилган инвестицион лойиҳаларни қайд этиб ўтди.
Анжуман давомида иштирокчи ва меҳмонларга Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ҳудудида жойлашган қадимий Хоразм қалъалари ҳақида маълумотлар берилди. Етакчи археолог Г.Хўжаниёзов томонидан ҳудуддаги тарихий ёдгорликлар, уларнинг номлари ва ўзига хос хусусиятлари, собиқ Қават қалъа воҳасига оид тақдимот намойиш этилиб, уларнинг ҳали тўлалигича ўрганилмагани таъкидланди. Г.Хўжаниёзов қорақалпоғистонлик археологларнинг 20 йилдан зиёд Сидней университети билан ҳамкорлик қилаётганини қайд этиб, ҳар бир тарихий объектнинг муҳофаза қилинувчи зонасини белгилаб олишни таклиф қилди.
Шунингдек, тадбир давомида Элликқалъа тумани ҳокими С.Авезов ҳам сўзга чиқиб, саноат туризм ва қишлоқ хўжалиги ҳисобига ривожланаётганини таъкидлади. “2019 йилда Элликқалъа туманига ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 50 мингдан ошди. Биз бу кўрсаткичларда тўхтаб қолмай, бундан-да юқори натижаларни қайд этиш йўлида ишлаяпмиз”, - деди у. Таъкидлаш лозимки, “Элликқалъа – туризм маркази” халқаро конференцияси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида туризмни ривожлантириш тўғрисида”ги чора-тадбирлар режаси ижроси сифатида ташкил этилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги