Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Ёнсе» Университети ва Корея халқаро соғлиқни сақлаш фондининг вакиллари билан учрашув
2020-01-22 | Соғлиқни сақлаш
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида «Ёнсе» университети (Жанубий Корея) ва Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Тошкент шаҳрида болалар кўп тармоқли марказини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш масалалари ҳамда қурилаётган марказ ходимларини ўқитиш ва менежмент тизимини яратиш дастури доирасида KOFIH ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўрталаридаги ҳамкорлик Меморандумини узайтириш имконияти муҳокама қилинди.
Ушбу келишувлар доирасида KOFIH грант маблағларини жалб қилган ҳолда, марказнинг ахборот тизимида "Электрон тиббий ёзувлар" («electronic medical records») модулини ва бошқаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида кўп тармоқли клиникани ташкил этиш лойиҳаси доирасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шу муносабатда кореялик шерикларга кореялик капитални ва БМТ шафеълигида Орол денгизи минтақасида инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама ҳамкорлик траст фонди маблағларини жалб қилишни ҳисобга олган ҳолда, ташкил қилинадиган клиниканинг асосий мақсад ва вазифалари, турли хил сценарийларда молиявий режа келтирилган концепция юборилди.
Маълумот учун: «Ёнсе» университети – Корея Республикасининг Сеул шаҳрида жойлашган хусусий тадқиқот университетидир. Бу мамлакатдаги энг обрўли ҳисобланган учта SKY университетларидан бири (Сеул миллий университети, Корё, Ёнсе). «Ёнсе» университети 1885 йилда Че-донда ташкил этилган ва 1962 йилда Синчхонга кўчиб ўтган. Жанубий Кореядаги энг қадимий университет ҳисобланади. «Ёнсе»да 4518 ўқитувчи 26 731 талаба ва 11 994 аспирантга таълим беради. Университетда корея ва инглиз тилларида кенг дастурларга эга.
Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH) - Кореядаги етакжи жамоат ташкилоти бўлиб, соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари билан шуғулланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги