Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат хизматчиларига “Future Foresight” семинар-тренинги ўтказилмоқда
2020-01-22 | Инновация
7-13 декабрь кунлари Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев бошчилигидаги15 кишидан иборат делегация вакиллари Бирлашган Араб Амирликлари Вазирлар Маҳкамаси ва келажак ишлари бўйича вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган “Future Foresight” семинар-тренингида муваффақиятли иштирок этиб, халқаро тренер унвонига сазовор бўлдилар.
Шу муносабат билан, тренерларнинг Бирлашган Араб Амирликларида олган билим ва кўникмаларини Ўзбекистон Республикасининг вазирлик ва идораларида хизмат юритувчи ходимлар билан бўлишиш ҳамда “Future Foresight” механизмларини ходимлар томонидан иш фаолияти давомида кенг қўлланилишини таъминлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан вазирлик ва идораларда “Future Foresight” семинар-тренинглари ўтказилмоқда.
Шу ўринда, ҳозирга қадар, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида, белгиланган жадвалга кўра “Future Foresight” семинар-тренинглари муваффақиятли ўтказилди. Бундан ташқари, январь-февраль ойларида 7 та вазирлик ва идораларда ушбу семинар-тренингини ўтказиш кўзда тутилган.
Семинар-тренингларда спикерлар томонидан “Келажакни драйверлар ва трендлар орқали тадқиқ қилиш”, “Устувор драйверларнинг маълум бир соҳаларга таъсири” ва “Келажак учун сценарий яратиш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари” мавзуларида ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Шунингдек, семинар-тренинг тингловчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда, юртимиз ривожига ҳисса қўшиши мумкин бўлган трендларни танлаб олиб, бу трендларнинг драйверларини таҳлил қилиш имконига эга бўладилар.
Ўқув семинарининг асосий мақсади – вазирлик ходимларида таҳлил қила олиш кўникмаларини шакллантириш ва амалга оширилаётган лойиҳаларнинг истиқболлари ва самарадорлигини баҳолаш механизмларини тушунтиришдир. Бу ўз навбатида, у ёки бу турдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган вақт ва ресурсларни оптималлаштиришда ёрдам беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги