Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Вариатив ўқув режани жорий қилиш билан боғлиқ саволларга жавоблар

2020-01-22 | Таълим

1-савол: Вариатив ўқув режада танлов синфини ташкил этиш учун 5 та йўналиш тавсия этилган. Мактаб ушбу 5 та йўналишнинг барчасини ташкил этиши керакми? 

Жавоб: Умумтаълим мактабида барча йўналишларда танлов синфлари очилиши талаб этилмайди. Мактабда битта йўналишда танлов синфи очилишига ҳам йўл қўйилади. 

Йўналишларни очишда бу мактабнинг имконияти, ўқувчиларнинг хоҳиши ва юқори малакали, тажрибали ўқитувчиларнинг мавжудлиги инобатга олинади. 

2-савол: Танлов синфи ва олдинги анъанавий синфнинг фарқи нимада? 

Жавоб: 2019-2020 ўқув йили учун мўлжалланган таянч ўқув режа асосида ўқитиладиган синфлар – бу анъанавий синфлар, вариатив ўқув режа асосида ўқитиладиган синфлар – танлов синфлари ҳисобланади. 

Анъанавий синф 15 та мажбурий фанни ўқийди, танлов синфи 8 та мажбурий фанни ўқийди. 

3-савол: Мактабда ўқувчилар томонидан танланмаган, танлов фанига кирмаган фан ўқитувчилари норози бўлса, бундай ҳолатда ҳам вариатив ўқув режани жорий қилиш мумкинми?

Жавоб: Аввало, мактабда вариатив ўқув режани жорий қилиш -ихтиёрий. Қуйидаги ҳолларда умумий ўрта таълим мактабларида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа жорий қилинишига йўл қўйилмайди: 

умумий ўрта таълим мактаблари танлов фанидан дарс бериш учун етарли малака ва тажрибага эга ўқитувчи билан таъминланмаган бўлса; 

ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналар томонидан етарлича қўллаб-қувватланмаса. 

Вариатив ўқув режани мактабда жорий қилиш ёки қилмаслик масаласи мактабнинг педагогика кенгашида муҳокама қилинади ва тегишли қарор қабул қилинади. Бунда педагогик кенгашда иштирок этган педагогларнинг овози билан тегишли қарор қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда педагогик кенгаш раиси ҳал қилувчи овозга эга бўлади. 

4-савол: Мактабда вариатив ўқув режа қайси йўналишда жорий этилишини ким белгилайди? 

Жавоб: Мактабда вариатив ўқув режанинг йўналиши аввало ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган сўровнома асосида аниқланади. Сўровнома натижасида, ўқувчилар танлови асосида маълум бўлган йўналиш педагогика кенгашида муҳокама қилинади ва бу ҳолат қўллаб-қувватланса, вариатив ўқув режаси йўналиши педагогика кенгаши қарори билан белгиланади ва мактаб директорининг буйруғи билан тасдиқланади. Педагогика кенгаши қарор қабул қилишда ўқувчилар танлаган йўналишдаги фан бўйича мактабда юқори малакали ва тажрибали ўқитувчилар бор ёки йўқлиги ҳам инобатга олинади. 

5-савол: Агарда ўқувчи танлаган йўналишдаги фан бўйича мактабда юқори малакали ва тажрибали ўқитувчи бўлмаса, шу йўналиш бўйича вариатив ўқув режани жорий қилиш мумкин бўлмайдими? 

Жавоб: Агар мактабда ўқувчи танлаган йўналишдаги фан бўйича юқори малакали ва тажрибали ўқитувчи бўлмаса, бунда ушбу йўналишда вариатив ўқув режани жорий қилиш ёки танлов синфини ташкил этиш масаласи вақтинча тўхтатилади. Токи, мактаб директори томонидан ушбу йўналишдаги фан бўйича юқори малакали ва тажрибали ўқитувчи жалб қилингунига қадар тўхтатиб турилади. 

6-савол: Мактабда вариатив ўқув режани жорий қилиш йўналиши ва фанлари аниқ бўлса, ушбу фанларга неча соатдан берилишини ким ҳал қилади, мактаб директорими? 

Жавоб: Мактабда вариатив ўқув режани жорий қилиш йўналиши ва фанлари аниқ бўлса, ушбу фанлар бўйича юқори малакали ва тажрибали ўқитувчилар бўлса, педагогика кенгашида тегишли фан метод бирлашмалари раҳбарлари иштирокида танлов фанларига ажратиладиган соатлар миқдори белгиланади ва мактаб директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

7-савол: Танлов синфида тегишли фан бўйича ким дарс беришини, ушбу синфга ким раҳбар бўлишини мактаб директори белгилайдими? Чунки танлов фани сифатида аниқланган фан бўйича ўқитувчилар мактабда бир-нечта бўлиши мумкин-ку. 

Жавоб: Бу масала мактабнинг педагогика кенгашида муҳокама қилинади ва кенгаш қарори билан танлов фанидан дарс берадиган фан ўқитувчиси, танлов синфи раҳбари белгиланади ва мактаб директорининг буйруғи билан тасдиқланади. 

8-савол: Мактабда танлов синфида ўқувчилар сони нечта бўлиши керак? 

Жавоб: Танлов синфидаги ўқувчилар сони Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим тўғрисида Низомга мувофиқ 35 нафаргача бўлиши лозим. 

9-савол: Мактабда битта 10-синф ёки 11-синф бўлса, бундай синфларга ҳам вариатив ўқув режа жорий қилинадими?

Жавоб: Мактабда битта 10-синф ёки 11-синф бўлса ва синфдаги ўқувчилар 100% битта йўналишни танласа, бундай синфларда ҳам вариатив ўқув режани жорий қилиш мумкин. Агарда 100% ўқувчи танламаса, бу синфга вариатив ўқув режани жорий қилиб бўлмайди.

Сабаби, битта синфдаги 80% бола битта йўналишни танласа, қолган 20% фоиз ўқувчи ўзи қизиққан фанларини ўқиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин. Қолган 20% ўқувчи одатдаги, анъанавий синфда ўқишни давом эттирадиган синф йўқ бўлиб қолади.

Агар 10-синфлар сони 2 та бўлганда, бундай ҳолда битта синфни анъанавий синф сифатида ташкил этиб, йўналиши кам фоизни ташкил этган ўқувчилар ушбу синфда ўқишни давом эттирган бўларди. 

10-савол: Мактабда 10-синф сони икки ва ундан ортиқ бўлса, ундаги ўқувчилар 5 та йўналишни танласа, ҳар бир йўналишни тенг миқдорда (20%) ўқувчилар хоҳласа, қайси йўналиш очилади? 

Жавоб: Агарда ўқувчилар танлови йўналишлар бўйича бир хил фоизни ташкил этса, бу ҳолатда мазкур синфларда танлов синфи ташкил этилмайди.

11-савол: Мактабда 10-синфлар сони 4 та бўлса, вариатив ўқув режадаги йўналишлар ташкил этилишида янги синф очиладими? 10-синфлар сони биттага кўпаядими? 

Жавоб: 10-синфлар сони кўпаймайди. Мисол учун, олдин мактабда 10-синфлар сони 4 та бўлса, танлов синфи ўша 4 та синф ичидан қайта ташкил этилади. Натижада мактабда 10-синфлар учун 1 та танлов синфи ва 3 та оддий, анъанавий синф бўлади. 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Поделиться