“Ўзкомназорат” давлат инспекциясида GSCI (Буюк Британия) агентлиги вакиллари билан учрашув ўтказилди
2020 йилнинг 20 январь куни “Ўзкомназорат” давлат инспекциясида Буюк Британия Бош вазири ҳузуридаги GSCI давлат агентлиги вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда GSCI лойиҳасининг Ўзбекистондаги раҳбари Адам Торндайк (Adam Thorndike), GSCI стратегик коммуникациялар бошқармаси вакили Нина Перониус (Nina Peronius) ҳамда GSCI Ўзбекистондаги лойиҳасининг офицери Самира Абдусаломова, “Ўзкомназорат” давлат инспекцияси томонидан эса бошлиқ А. Ходжаев, бошлиқ ўринбосарлари А. Маткаримов ва О. Холмухамедов, шунингдек тегишли бўлимлар раҳбар ва мутахассис ходимлари иштирок этди.
“Ўзкомназорат” давлат инспексияси бошлиғи меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон Республикасида вазирлик ва идоралар ходимлари учун GSCI томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек Ўзбекистоннинг коммуникациялар соҳасидаги стратегияси ишлаб чиқилаётгани муҳим аҳамиятга эга эканини билдирди.
Суҳбат давомида давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, вазирлик ва идораларнинг локал тармоқларини бирлаштириш ва идоралараро тизим яратиш юзасидан тарғибот ишларини олиб бориш, интерактив давлат хизматларини жорий қилиш ва “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш бўйича ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш муҳокама қилинди.
Шу билан бирга аҳолининг АТ бўйича билимларини ошириш, булутли технологиялар ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш вақтида шахсга доир маълумотларнинг ошкор бўлишини олдини олиш бўйича тарғибот ишларини ўтказиш ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири бўлади.
Адам Торндайк қизиқарли суҳбат ва самимий қабул учун миннатдорлик билдирди, келгусида муҳокама этилган йўналишлар бўйича самарали ҳамкорлик ривожланишига умид билдирди.
Учрашув якунида томонлар яқин вақт ичида мулоқотни яна давом эттиришга келишиб олишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси