Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири тизимдаги ёшлар билан учрашди
2020-01-20 | Жамият
Жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов вазирлик тизимида фаолият юритувчи ёшлар билан учрашди. Видеоселектор тарзида олиб борилган учрашувда барча вилоятларнинг ёш кадрлари иштирок этди.
Мамлакатимиз ёшларга алоҳида эътибор қилади. Уларнинг қизиқишлари, орзулари, истаклари рўёби учун имкониятлар яратади. Маълумки, ўтган 2019 йилнинг 27 декабрь куни ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги мактабда Президентимиз мамлакат ёшлари билан учрашди. Самимий мулоқот давомида Президент “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз” дея таъкидлади. Мана шу сўзларнинг ўзи юрт ривожи, тараққиётида ёшларга алоҳида ишонч билдирилаётганидан далолат.
Шунингдек, Давлат раҳбари учрашув чоғида ташкилот ва идоралар раҳбарларига ёшларни тинглаш, улар билан мулоқот қилиш юзасидан кўрсатма ҳам бериб ўтар экан, 2020 йил “Ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш” йили бўлишини алоҳида таъкидлади.
Меҳнат вазирлиги тизимида ҳам кўплаб ёш кадрлар фаолият юритади. Қуйидаги рақамларга диққат қилинг: тизимда жами 5,3 мингга яқин ходим шундан, 1,6 минг ёшлар (30,2%), 1,4 минг хотин-қизлар (26%) меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.
Ёшлар билан учрашувда Меҳнат вазири уларнинг фаолиятига алоқадор энг муҳим масалалар қаторида ёш кадрлар захирасини яратиш, уларни муносиб лавозимга тайинлаш ва ҳар томонлама кўмак бериш масаласини кун тартибига қўйди. Шундан келиб чиққан ҳолда 2020 йилда бажарилиши лозим бўлган ишлар, бир қатор устувор вазифаларни белгилаб берди. Улар қуйидагича:
2020 йилдан босқичма-босқич ҳар бир ҳудудда “Ишга марҳамат” Мономаркази намунасидаги марказлар ташкил этиш;
- ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш;
- ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиб, уларнинг бандлигини таъминлаш.
Вазир нутқи давомида тизим фаолиятига танқидий назар солиб, йўналишни ривожлантириш юзасидан устувор вазифаларни белгилаб берди.
Биринчидан, ёшлар учун ҳар томонлама муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва уларнинг меҳнатини адолатли рағбатлантириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Охирги йилларда Аҳоли бандлилигига кўмаклашиш марказларининг ташқи ва ички қиёфасини ўзгарди. Замонавий жиҳозлар билан таъминланди. 2019 йилнинг ўзида 70 дан ортиқ аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари учун намунавий лойиҳа бўйича янги, замонавий бинолар қурилди.
Иккинчидан, Меҳнат вазири тизимдаги ёшларнинг касбий малакасини ошириш лозимлигига урғу қаратди.
Республикамизда ҳар йили камида 600 мингдан зиёд ёшлар таълим муассасаларини битириб, меҳнат бозорига кириб келади. Шунинг учун уларга меҳнат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида таълим муассасаларига борган ҳолда тўлиқ ва кенг тушунтириш ишларини олиб бериш вазирликнинг олдида турган асосий вазифаларидан бири. Шу мақсадда ҳудудларда “Сайёр ўқув курслари”ни ташкил этиш таклифи берилди.
Ташкил этиладиган ўқув марказларида эса тизимда ишлаётган ходимлар, айниқса ёш кадрлар учун чет тилларига ўқитадиган курсларини ҳам йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Меҳнат вазири тизимдаги ёшлар учун маънавий ва маданий тадбирларни ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Ёшлар ўртасида ҳар хил турдаги спорт мусабақаларини ташкиллаштириш, уларнинг маънавий ва маърифий саводхонлигини ошириш бўйича кўрик-танловлар ўтказиш шулар жумласидан.
Самимий, очиқ мулоқот давомида ёшлар соҳани ривожлантириш юзасидан ўзининг таклифларини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги