Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
MUBADALA ва MASDAR амирлик компаниялари билан лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувлар имзоланди
2020-01-20 | Иқтисодиёт
Дунёдаги энг йирик Mubadala инвестиция холдинги (БАА) ва унинг бўлинмаси бўлган Masdar компанияси Ўзбекистон Республикасининг энергетика секторига инвестициялар киритмоқда.
Жорий йил 18 январь куни Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида Masdar компанияси билан Ўзбекистон Республикаси Навоий вилоятида 400 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида келишув имзоланди. Ушбу келишувга мувофиқ, Masdar компанияси шамол электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишни амалга оширади. Қурилиш учун инвестициялар ҳажми 600 млн доллар миқдорида баҳоланмоқда; ишларни 2020 йилнинг учинчи чорагида бошлаб, объектни 2022 йилда фойдаланишга топшириш режа қилинмоқда.
Шунингдек, Mubadala компанияси билан "Толимаржон ИЭС" ОАЖ базасида мавжуд энергоблокларни хусусийлаштириш ва янгиларини қуриш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида келишув имзоланди. Келишув Толимаржон энергетика комплексини хусусийлаштириш, ривожлантириш, молиялаштириш ва эксплуатация қилишнинг механизмлари ва шартларини белгилайди. Амирлик томонидан объектнинг акцияларини сотиб олиш ва хусусийлаштириш жараёни 2020 йилнинг учинчи чорагида режа қилинган.
Таъкидлаш жоизки, ушбу келишувлардан олдин, ўтган йилнинг ноябр ойида Masdar компанияси билан Ўзбекистон Республикаси Навоий вилоятида умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станциясини қуриш бўйича инвестиция келишуви имзоланган, чунки октябр ойида Masdar компанияси давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида муқобил энергетика соҳасига инвестицияларни жалб қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси тарихида биринчи очиқ тендер ғолиби деб эълон қилинган эди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳамда Masdar ва Mubadala компаниялари ўртасида республикада электр станциялари қуриш борасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишув 2019 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида имзоланган.
Маълумот учун: Mubadala – Бирлашган Араб Амирликларининг давлат инвестиция компанияси. Компаниянинг инвестиция портфели 200 млрд долларга тенг бўлиб, унинг таркиби – ёқилғи-энергетика тармоғи, ахборот-коммуникация технологиялари, металлургия, аэрокосмик секторлари, тоғ-кон саноати ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларидаги активлардан иборат.
Masdar – Mubadala инвестиция холдингининг шўъба компанияси бўлиб, дунёда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича етакчи халқаро компаниялардан бири.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги