Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари аҳоли манфаатига хизмат қилади
2020-01-17 | Иқтисодиёт
Мамлакатимизда давлат-хусусий шериклик йўналиши жадал ривожланиб бормоқда. Шу асосда қулай инвестиция муҳитини яратиш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга эришилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, давлат-хусусий шериклик янги тизим ҳисобланади. Бу йўналиш Европа давлатларида яхши ривожланган. Унинг тарихи қадимий даврларга бориб тақалса-да, бироқ тизим 1990 йилдан бошлаб Буюк Британияда ривожлана бошлаган. Яна бир маълумот, Австралияда 50 миллион долларгача бўлган миқдордаги лойиҳалар давлат-хусусий шериклиги аралашувисиз амалга оширилар экан.
Хўш, бу йўналиш кимлар учун ва моҳияти нимадан иборат?
Аввало, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари аҳоли манфаатига хизмат қилиши керак. Демак, бу фаолият турида аҳоли манфаати биринчи ўринда туради. Бироқ лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишда икки тарафнинг иштироки ва имкониятлари муҳимдир. Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги бу жараёнда ягона ваколатли орган сифатида иштирок этади. Бу йўналиш давлат бюджетига кўмак берувчи ва ижтимоий соҳалар ривожида муҳим бўлиб, хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қиладиган бугунги куннинг энг замонавий ва самарали механизми ҳисобланади.
– Ўтган йилда 40 нафар ходимимиз халқаро сертификатга эга бўлди, – деди агентлик бош мутахассиси Баҳодир Омонов. – Шунга қарамасдан, яна вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудудлар учун мутахассислар ўқувини ташкил қилишимиз галдаги вазифамиз. Қонун билан давлат-хусусий шериклик лойиҳалари 3 йилдан 49 йилгача қилиб белгилаб қўйилди. Шунингдек, лойиҳаларни амалга ошириш ҳам уч тартибда белгиланди. Биринчи тартиб миқдори 1 миллион доллар, иккинчиси 1 миллиондан 10 миллион долларгача ва учинчиси 10 миллион доллардан ортиқ миқдордаги лойиҳалардир.
Манба: ЎзА