Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида «Ёшлар технопарки» ташкил этилади

2020-01-15 | Инновация

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Муҳокама учун эълон қилинган ҳукумат қарори лойиҳасида айтилишича, президентнинг 2019 йил 30 августдаги “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб - қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4433-сон Қарорига мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ёшлар иттифоқи, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич юридик шахс мақомига эга масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Ёшлар технопарки” дирекцияси ташкил этиш таклифига розилик берилиши мумкин.

Бунда, Технопарк “Яшнобод” инновация технопаркининг ҳудудий бўлинмаси деб ҳисобланади ва “Яшнобод” инновация технопаркининг резидентларининг жойлашувини экстерриториаллик Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида амалга оширилади.

Қуйидагилар Технопарк фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланади:

ҳудудларда Ёшлар академиясининг фаолиятини ривожлантириш ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари, таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшларни илмий ва ижодий салоҳиятини ошириш;

ҳудудларда ёшларнинг аналитик фикрлаш, уларни илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, иқтидорли, ташаббускор ёшларнинг ўз интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши ва ижтимоий мослашуви учун зарур шароитлар яратиш;

ёшларнинг стартап-лойиҳаларни ривожлантириш ва уларни амалга ошириш учун ягона майдон ташкил этиш орқали ҳудудларнинг инновацион салоҳиятини ошириш;

замонавий талабларга жавоб берадиган малакали кадрларни тайёрлаш, шунингдек, ҳудудларни сифатли юқори технологияли маҳсулотлар ва хизматлар билан таъминлаш мақсадида илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш;

иқтидорли ёшларни ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширишларига кўмаклашиш;

етакчи компаниялар вакиллари, малакали мутахассислар ва экспертлар иштирокида тренинглар ва мастер классларни, шунингдек, ёшларда амалий кўникмаларни шакллантириш ва ишлаб чиқарувчилар билан инновацион-корпоратив алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида илмий-техник конференция, семинар, ўқув курслари ва тренинглар ташкил этиш;

иқтидорли ёшлар томонидан таклиф этилган долзарб йўналишлар бўйича лойиҳаларни саралаш ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мавзуга оид грантлар бериш юзасидан эълон қилиб бориладиган танловларга йўналтириш;

илмий-техник, инновацион ҳамда стартап-лойиҳаларни амалиётга жорий этиш мақсадида олий таълим муассасаларининг илмий ходимлари, ўқитувчи-профессор ва талабаларини шартнома асосида жалб қилиш.

Технопарк фаолиятини молиялаштириш манбаи сифатида қуйидагилар белгиланади:

хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

халқаро молия ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари доирасида тушадиган маблағлар ва кредитлари;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бюджетдан ташқари маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб - қувватлаш Жамғармаси;

жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилаб қўйилишича:

Технопарклар бино ва иншоотларини ташкил этиш билан боғлиқ ҳамда уларни замонавий асбоб - ускуналар билан жиҳозлаш харажатлари Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб - қувватлаш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади;

Технопарк директори Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимларининг тавсиясига асосан инновацион ривожланиш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Президентнинг “Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида инновация технопаркини ташкил қилиш тўғрисида” 2017 йил 5 июндаги ПФ-5068-сон Фармонининг 10-бандида назарда тутилган имтиёзлар мазкур ташкил этилаётган Технопарклар резидентлари ва Дирекциясига ҳам татбиқ этилади.

Ташкил этиладиган Технопарклар Инновацион ривожланиш вазирлиги тасарруфига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги

Поделиться