Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фахрийларимиз ҳолидан хабар олинди
2020-01-15 | Жамият
Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинмоқда.
Академия раҳбарияти ташаббуси билан бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар ва курсантлар ички ишлар органи фахрийси Лидия Юдина хонадонида бўлишди. Байрам тилаклари билан бошланган тадбир баҳонасида устоз-шогирдлар дилдан суҳбат қуришди. Умрнинг ёрқин лаҳзалари ёдга олинди. Лидия Юдина совғаларни қабул қиларкан, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан миннатдорлигини яшириб ўтирмади.
– Инсон кексайгани сайин, меҳрга муҳтож бўлиб қоларкан, – деди у. –Бугунги тадбир чиндан ҳам кутилмаган туҳфа бўлди. Қадрдон масканда фаолият юритаётган шогирдларим, навқирон ўғил-қизларни кўриб, кўнглим тоғдай кўтарилди. Биласизми, маҳалла-кўйда қўни-қўшнилар билан кўришиб қолсам, “Лидия опа, жуда бахтли инсонсиз, доим шогирдларингиз эътиборидасиз”, дейишади. Кўзимга ёш олиб, қувониб кетаман. Айтингчи, ёши улуғ инсон учун бундан ортиқ бахт борми?!
Шу куни оркестр садолари бир зумда маҳалла аҳлининг шоду-хуррамлигига уланиб кетди. Йиғилганларга миллий бирлигимиз ва ғуруримиз тимсолига айланган “Шараф ленталари” тарқатилди. Жажжи болажонларнинг рақслари барчага байрамона кайфият улашди.
Юнусобод туманининг Ғайратий маҳалласида истиқомат қилаётган Турғунбой ота Азимовнинг кўп йиллик ҳаёти элу юртимиз тинчлигини сақлаш йўлида ўтган. Байрам арафасида анъанага мувофиқ бу гал ҳам унинг хонадони ички ишлар органларида хизмат қилаётган шогирдлари, фарзандлари-ю, яқинлари билан тўлиб кетди. Академия вакиллари 92 ёшни қарши олган Турғунбой отани Ватан ҳимоячилари куни билан қутлаб, қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширишди.
Нуроний отахон иззат-икромдан мамнун бўлиб, “тинчлигимизни, Президентимизни, юртимизни ўз паноҳида асрасин, ёшларимизга умр берсин!” дея қўлни дуога очди. Байрам тадбири тўкин дастурхон атрофида давом этди.
ИИВ Академияси матбуот хизмати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги