Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Индивидуал биогаз қурилмаси яратилди
2020-01-14 | Фан
Ихтиро биоенергетика, органик чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича қурилмалар, органик ўғитлар ва биогаз олишда фойдаланилади.
Охирги йилларда бутун дунёда биогаз қурилмаларини барпо этишга ҳукуматлар даражасида катта аҳамият берилмоқда. Биогаз қурилмаларининг сони бўйича энг юқори кўрсаткич Хитойга тегишли бўлиб, 40 миллион донани ташкил қилади. Ҳиндистонда 3,8 миллион, Непалда 20 минг дона кичик ҳажмдаги биогаз қурилмалари мавжуд. ўрта ва катта биогаз қурилмаларидан фойдаланиш Европа давлатларида ҳам тараққий этган бўлиб, биргина Германияда 8 минг дона йирик биогаз қурилмалари ишлаб турибди.
Биогаз органик моддалар ҳаво киритмасдан (анаероб) ачитилганда вужудга келади. Табиатда биогаз кислородга ёʼл ёпиқ бўлган ҳамма жойда - ботқоқлар ва балчиқзорларда, шунингдек меʼда ёʼлида овқат ҳазм қилиш вақтида вужудга келади. Агар органик материал ҳаво кирмасдан тўпланса, метанни боғлайдиган бактериялар таʼсир кўрсатганда, биологик жараён бошланади ва натижада биогаз ҳосил бўлади. Мазкур жараёндан чорвадорлик фермаларида, ахлатни қайта ишлайдиган заводларда, оқава сувларни тозалаш корхоналарида чиқиндиларни қайта ишлаш учун фойдаланилади.
Қишлоқ хўжалиги чиқиндиларини биогаз қурилмаларида қайта ишлаш хўжаликларни биогаз билан таъминлаши, ундан ҳар қандай маиший газ асбобларида ва қишлоқ хўжалиги техникаси учун мотор ёнилғи сифатида фойдаланилиши мумкин. Биогаз ошхона плиталарида, овқат тайёрлаш учун ишлатилиши мумкин ва у табиий газга қараганда тозароқ ёнади (қурум ҳосил қилмайди). Биогаз қурилмасидан газогенератор билан бирга фойдаланиш орқали электроенергия олиш ва уни шу жумладан ёритиш учун ишлатиш мумкин.
Индивидуал биогаз қурилмаси таркибига иккита ўзаро туташган камерали реактор киради. Қурилма биомассани аралаштириш, иситиш ва биогазни чиқариб олиш тизимлари билан жиҳозланган. У учинчи - ўрта камера, қабул қилиш ва чиқариш бункерлари, иссиқлик ташувчисининг мажбурий сиркуляцияси учун қурилма ва экран билан таъминланган. Ўзаро туташган камералар - қабул қилиш камераси, биринчи лоток, тирсак ва иккинчи лотокни ўз ичига олган ўрта камера ва чиқариш камераси реактор корпуси ёрдамида - реактор корпусининг марказий ўқи бўйлаб жойлашган бўйлама тўсиқ ҳамда корпус эни бўйлаб ўрнатилган энлама тўсиқ воситасида ҳосил қилинган.
Аралаштириш тизими таркибига иккала лоток ичида бир-бирига нисбатан параллел осилган устки ва пастки балкалар ҳамда балкалар билан елкалар орқали уланган ва елкаларнинг вертикал ўқ бўйлаб ҳаракатланишини таъминлаш имконияти билан ўрнатилган ричагли механизм киради. Ўрта камера кесимида У-симон шакл бажарилган. Иситиш тизими устки ва пастки иситгичларга эга. Устки иситгич бўйлама тўсиқда ўрнатилган. Нишабли қилиб бажарилган лотоклар туби ва тирсак туби қовурғали қилиб бажарилган пастки иситгич панеллари воситасида ҳосил қилинган.
Ихтиронинг аҳамиятли жиҳати қурилманинг ишлатишдаги унумдорлигини ошириш, биогас чиқишини кўпайтириш, бижғиётган биомасса иссиғининг йўқолишини қуёш, шамол ва ер энергиясидан фойдаланиш йўли билан камайтириб, тежамкорликни оширишдан иборат.
Ихтиро учун Саякулов Ибайдуллага “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига кўра IAP 05575 рақамли патент берилди.
Манба: Ягона интерактив давлат хизматлари портали