Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

"StarTTech" IT-конференцияси бўлиб ўтди

2020-01-13 | Технологиялар

2020 йил 10 январь куни Тошкент шаҳрида “StarTTech” конференцияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда IT- Парк томонидан ўтказилган ушбу тадбирда дастурий маҳсулотлар бозорининг замонавий тенденциялари муҳокама қилинди.

Ушбу конференцияда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О.Умаров иштирок этди.

Конференция давомида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парк - IT-Парк томонидан ўтган бир йил давомида амалга оширилган лойиҳалар, келгусидаги юксак режалар хусусида атрофлича фикр алмашилди.

IT-Парк - истиқболли стартап лойиҳаларини ишга тушириш ва бозорга чиқаришни таъминлаш учун мўлжалланган, шу жумладан, илмий ва илмий-маърифий ташкилотлар билан интеграциялашган объектлар, бино ва иншоотлар, шунингдек жиҳозлар мажмуи ҳамда фаол иқтидор эгалари ўз ғояларини реал бизнес лойиҳаларига айлантириш учун ҳақиқий имкониятга эга бўладиган бухгалтерия ҳисоби, ҳуқуқ, маркетинг ва илмий-маърифий қўллаб-қувватлаш топа оладиган маскандир.

Анжуманда иштирокчилар дунёнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган АКТ соҳаси таниқли мутахассисларининг қизиқарли маърузаларини тинглаш, IT-Паркнинг йил якунлари ва истиқболли режалари билан танишиш, шунингдек маҳаллий IT-компаниялар вакиллари билан суҳбатлашиш, энг муҳими ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, янги лойиҳалар билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Таъкидлаш лозимки, ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсадлардан бири Ўзбекистон Республикасида IT таълими, резидентлик ва истиқболли лойиҳалар соҳасида ҳамкорликни кучайтириш учун IT соҳасидаги ҳамфикр ҳамкорларни бирлаштириш ва шу орқали ушбу йўналиш истиқболларини белгилашдир.

"StarTTech" конференцияси 4 та сессияга, яъни IT соҳасининг стартап экотизимлари, венчур молиялаштириш, IT таълими ва IT-марказлар, IT-експортни ривожлантириш каби долзарб йўналишларга бўлинган ҳолда ўтказилди.

Ҳар бир сессияда халқаро даражадаги таниқли соҳа мутахассислари Алексей Плотников, Сергей Богданов, Сергей Бражник,Баҳром Файзутдинов ўз тажрибалари ва янги лойиҳалари билан ўртоқлашдилар.

Маълумот учун :

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 30 сентябрь ва 2 октябрь кунлари давомида Ҳиндистон Республикасига давлат ташрифи чоғида, Ўзбекистон ва Ҳиндистон томонлари ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида келишувга эришишган эди. Ўзбекистон томони Ўзбекистонда дастурий маҳсулотлар ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ахборот технологиялари паркини Ҳиндистоннинг ушбу соҳадаги компаниялари билан ҳамкорликда ва уларнинг илғор тажрибасига таянган ҳолда барпо этиш борасида ўз қизиқишини билдирди. Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни таʼкидлаш мумкинки, АТ Парки Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакатда стартап-екомуҳитини ва стартап-лойиҳаларини яхшилаш ва уларнинг ривожланишини таъминлаш мақсадида барпо этилди.

Кейинчалик, ахборот технологиялари эко-муҳитини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2019 йилнинг 10 январида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 17-сонли қарори қабул қилинди. Қарор моҳиятидан келиб чиқиб, АТ Парки Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги таʼсисчилиги асносида, масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги

Поделиться