Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бешта муҳим ташаббусни амалиётга жорий этиш ва бу борада олиб борилаётган ишларни тизимли йўлга қўйиш бўйича Концепция лойиҳаси ишлаб чиқилади
2020-01-11 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борган йиғилишда тегишли вазирлик, идоралар томонидан бешта муҳим ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, 2019 йил 19 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини янада юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг оммалаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, санъат ва маданият масканларига жалб қилган ҳолда ёшлар қалбида санъатга муҳаббат туйғуларини уйғотиш бўйича бирламчи вазифалар белгиланиб, Президент томонидан бешта муҳим ташаббус илгари сурилган эди.
Мазкур бешта ташаббусни татбиқ этиш бўйича мамлакатимизда қисқа даврда вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида кўплаб маданий ва маърифий тадбирлар ташкил этилди. Уларда таълим ва тарбия муассасалари ўғил-қизлари санъат, спорт, китобхонлик йўналишлари бўйича ўз чиқишларини намойиш этдилар. Ташаббуснинг ҳар бир йўналиши бўйича амалга оширилган ишлар, тақдимотлар, ташкил этилган кўргазма ва чиқишлар – буларнинг барчаси ёшлар, хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини оширишга, ўз Ватанига, мустақиллик ғояларига садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, улар учун янги иш ўринларини яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Сўзга чиққанлар бешта муҳим ташаббусни амалиётга жорий этиш ишларини сарҳисоб қилар экан, эришилган ютуқларни эътироф этган ҳолда бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш зарурлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Муҳокама якунида йиғилиш иштирокчилари Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни амалиётга жорий этиш ва бу борада олиб борилаётган ишларни тизимли йўлга қўйиш бўйича Концепция лойиҳаси ишлаб чиқиш, шунингдек унда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури лойиҳасини тайёрлаш масаласида келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати