Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси 2019 йилда соҳани ривожлантиришга доир амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот берди
2020-01-11 | Туризм
10 январь куни Тошкент шаҳридаги “Пойтахт” бизнес марказида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти иштирокида 2019 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2020 йилги режаларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Унда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов ҳамда унинг ўринбосарлари Улуғбек Аъзамов ва Фахриддин Давруков ҳисобот берди. Тадбирда туризм статистикаси, соҳа тарғиботи ва туризмнинг алоҳида турларини ривожлантириш, транспорт инфратузилмаси ривожланиши, хориждаги диаспора билан ишлаш ва инвестицияларни жалб этиш, ҳудудларда туризм инфратузилмасининг ривожланиши ва тадбиркорлар билан ишлаш бўйича 2019 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Статистика маълумотларига кўра, 2019 йил давомида Ўзбекистонга 6 748 500 нафар сайёҳ ташриф буюрган, 2018 йилда эса бу кўрсаткич 5 346 200 кишини ташкил қилган. Уларнинг орасидан аксарият, яъни 51,3 фоизни 31-55 ёшдаги кишилар (2018 йилда 52,1 фоиз), 20,2 фоизини 55 ёш ва ундан катталар (2018 йилда 19,4 фоиз), 19,5 фоизини 19-30 ёшдагилар (2018 йилда 20,4 фоиз) ва 9,1 фоизини 0-18 ёшлилар (2018 йилда 8,1 фоиз) ташкил қилади.
Энг кўп сайёҳ Марказий Осиё минтақасидан ташриф буюрган бўлиб, уларнинг сони 5 764 500 кишига етган. МДҲ мамлакатларидан келганлар сони 495 600 кишини ташкил қилган. Узоқ хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган меҳмонлар сони эса 488 400 минг кишини қайд этган. Сайёҳларнинг аксарияти Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия Федерацияси, Туркия, Афғонистон, Хитой, Корея Республикаси, Ҳиндистон каби давлатлардан ташриф буюрган. Ўзбекистонга ташриф буюрганлар орасида қариндош-уруғ ва дўстларини кўришга келганлар сони 81,8 фоиздан иборат бўлган бўлса, дам олиш учун келганлар 15,5 фоизни ташкил этган.
Бошқа сабаблар, жумладан даволаниш, харидлар, бизнес учрашувларда иштирок этиш ҳамда таълим олиш мақсадида келган хорижликлар сони 2,7 фоизни қайд этди. 2019 йил якунига кўра, туристик хизматлар экспорти кўрсаткичи 1 млрд 313 млн АҚШ долларини ташкил қилиб, 2018 йилга нисбатан (2018 йилда 1 млрд 041 млн) 26,1 фоизга ўсиш қайд этилди. Жойлашув воситалари сони жами 1188 тадан иборат бўлган бўлса, шундан 833 таси – меҳмонхоналар, 214 таси – хостеллар ва 141 таси бошқалар. Ҳудудлар кесимида жойлашув воситаларининг юкланиш даражаси қуйидагича: Қорақалпоғистон Республикаси – 62,6 фоиз, Андижон вилояти – 65,0 фоиз, Бухоро вилояти – 96,6 фоиз, Жиззах вилояти – 52,5 фоиз, Қашқадарё вилояти – 61,0 фоиз, Навоий вилояти – 74,3 фоиз, Наманган вилояти – 40,6 фоиз, Самарқанд вилояти – 82,3 фоиз, Сирдарё вилояти – 64,4 фоиз, Сурхондарё вилояти – 68,8 фоиз, Тошкент вилояти – 76,1 фоиз, Фарғона вилояти – 42,7 фоиз, Хоразм вилояти – 81,5 фоиз, Тошкент шаҳри – 85,7 фоиз. Мамлакат туризм салоҳиятини дунё жамоатчилиги орасида кенг тарғиб этиш мақсадида АҚШ, Япония, Германия, Италия, Хитой, Индонезия, Россия ва бошқа мамлакатлардан жами 30 ОАВнинг 160 дан ортиқ вакилларининг ташрифи ташкиллаштирилди.
Анъанавий тарғибот усуллари билан бир қаторда замонавий тарғиботнинг замонавий усулларидан фойдаланилмоқда, хусусан, 17-21 декабрь кунлари Токио (Япония) шаҳридаги Сибуя майдонида Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи видеоролик намойиш этилди. Ўзбекистонга сайёҳларни жалб этишда турли оммавий-маданий кўнгилочар тадбирлар аҳамиятини ҳисобга олиб, ўтган йилдан бошлаб ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда турли оммавий тадбирлар ташкил этилди.
Жумладан, биринчи маротаба ташкил этилган Зиёрат туризми форуми (Бухоро вилояти), Бахшичилик санъати фестивали, Археология форуми (Сурхондарё вилояти), Баҳодирлар ўйини (Хоразм вилояти), “Мўйноқ” авторалли, “Стихия” мусиқа фестивали (Қорақалпоғистон Республикаси), МДҲ туризм ярмаркаси, (Самарқанд вилояти), Геотуризм форуми, Анор фестивали (Қашқадарё вилояти), Электрон мусиқа фестивали, Гастрономик фестиваль, “World Influencers Congress” (Тошкент шаҳри) каби йирик тадбирлар ўтказилди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган MICE-туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси доирасида ҳудудлардаги MICE-тадбирлар учун салоҳиятли объектлар ўрганиб чиқилиб, уларнинг ягона реестри шакллантирилди ва “Meetings & Events Catalogue” каталоги ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, ҳозирда шу каби тадбирларни мувофиқлаштириш мақсадида Қўмита тузилмасида Конгресс ва кўргазмалар маркази ташкил этилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги