Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Элчиси Брюссель пресс-клубида нутқ сўзлади
2020-01-10 | Сиёсат
2020 йилнинг 7 январь куни Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги Элчиси Дилёр Хакимов Брюссель пресс-клубида мамлакатимизнинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги мавзусида нутқ сўзлади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон миллий манфаатларга асосланган очиқ, ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсат юритмоқда. Қўшни давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашиш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Янги иқтисодий сиёсат шароитида Ўзбекистон бирон бир хорижий давлатлар ёки халқаро ва минтақавий ташкилотлар, шунингдек, интеграцион бирлашмалар билан ҳамкорлик қилишда ўзини четга олиш мақсадида эмас.
Хусусан, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Арманистон, Белорусия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияни бирлаштирган ЕОИИ билан ҳамкорлик масалаларини ўрганишни бошлади. Ушбу мамлакатлар йирик бозор ва муҳим транзит йўлаги сифатида Ўзбекистонда қизиқиш уйғотади. ЕОИИга аъзо давлатлар билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кучайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Элчи таъкидлаганидек, ЕОИИ билан ҳамкорлик масалаларида фақатгина иқтисодий алоқалар тўғрисида сўз бормоқда ва бу жараён бошқа бирлашмалар доирасидаги мажбуриятларни рад этишни англатмайди. Ўзбекистон бошқа давлатлар, шу жумладан ЕОИИга аъзо бўлмаган мамлакатлар, шунингдек, халқаро иқтисодий ва молиявий ташкилотлар билан яқин шериклик, иқтисодий ва савдо алоқаларини сақлаш ва ривожлантиришни қатъиян мақсад қилади.
Брюссель пресс-клуби YouTube порталидаги ўз саҳифасида видеосюжетни жойлаштирди ва ўз обуначилари орасида нутқ тезисларини тарқатди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги