Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказишга бағишланган видеосеминар бўлиб ўтди
2020-01-06 | Таълим
Жорий йилнинг 4 январь куни Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров бошчилигида умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказишга бағишланган видеосеминар бўлиб ўтди.
Видеосеминарда ҳудудий халқ таълими бошқармалари масъул ходимлари, мактаб директорлари ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари иштирок этди.
2019 йилнинг 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири буйруғи билан 2019-2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан бошлаб, умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинган эди.
Видеосеминар доирасида иштирокчиларга мактабларда вариатив ўқув режаларни жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.
Умумтаълим мактабларида вариатив ўқув режани тажриба-синовдан ўтказиш ишларини ташкил этиш тартиби тўғрисида Республика таълим маркази директори Хикматилла Даминов тақдимот қилди.
Тақдимот доирасида Хикматилла Даминов танлов синфларини шакллантириш ва вариатив ўқув режаларни жорий этиш бўйича аҳамият берилиши керак бўлган масалаларга тўхталиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, танлов синфини ташкил этиш учун қуйидаги йўналишлар тавсия этилади:
биринчи йўналиш: хорижий тил ва филология йўналиши;
иккинчи йўналиш: молия – иқтисод йўналиши;
учинчи йўналиш: технология йўналиши;
тўртинчи йўналиш: табиий фанлар йўналиши;
бешинчи йўналиш: ижтимоий-гуманитар йўналиш.
Танлов синфлари бир ёки бир неча йўналишда очилиши мумкинлиги айтиб ўтилди. Шу билан бирга, вариатив ўқув режаларининг жорий қилиниши ихтиёрийлиги ва мактабда танлов синфини ташкил этишда юқори малакали, тажрибали ўқитувчиларнинг мавжудлиги инобатга олиниши кераклиги таъкидланди.
Видеосеминарда республика бўйича барча ҳудудлардаги халқ таълими бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими раҳбарлари ва масъул ходимлари ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги