Шу кунларда Хитойнинг Чунцин шаҳрида жойлашган 3-Ҳарбий тиббий университетининг Жануби-ғарбий госпиталида бир гуруҳ ўзбекистонлик ҳарбий шифокорлар тажриба алмашиш амалиётини ўташмоқда.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ЎзАга маълум қилди.
40 дан ортиқ мамлакат ҳарбий шифокорлари иштирок этаётган тажриба алмашиш амалиётида ўзбекистонлик мутахассисларга катта эътибор қаратилган. Буни куни кеча Хитойнинг 3-Ҳарбий тиббий университетининг Жануби-ғарбий госпиталида Ўзбекистон Республикаси тарихи ва бугуни ҳамда Қуролли Кучлари фаолиятига бағишлаб ўтказилган презентациядан ҳам билиш мумкин.
Презентацияни ўзбекистонлик ҳарбий шифокорлар – тиббий хизмат капитанлари Шавкат Қўчқоров ва Муҳаммад Раҳмоновлар юқори савияда ўтказишди.
Унда хитойлик ҳарбий-тиббиёт мутахассислари ва хорижлик ҳарбий шифокорлар иштирок этди. Презентация давомида ҳарбий шифокорларимиз иштирокчиларга юртимиз тарихи, маданияти, анъаналари, буюк саркарда, жаҳонга машҳур уламолари ҳамда бугунги Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида ва Миллий армиямиз фаолияти тўғрисида видеороликлар ва илмий мақолалар асосида маълумотлар беришди.
Ҳарбий шифокор, кардиолог генерал-майор Зханг Луй ва профессор Чен Йин ва ҳарбий университет комиссари Хуанг Юнюн Амир Темурдек Соҳибқирони бўлган юрт тарихи ҳар доим уларни қизиқтириб келгани, бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ишлар уларда катта таассурот қолдираётганини ва ўзбекистонлик ҳарбий шифокорларнинг изланувчанлиги, тиришқоқлиги ва меҳнатсеварлиги ҳамда ватанпарварлигини алоҳида таъкидлашди.
Сенегал марказий ҳарбий шифохонаси гастроэнтерологи майор Иброҳим Диалло шундай дейди: “Авваллари мен Самарқанд ва Бухоро ҳақида жуда кўп эшитгандим, лекин мен ушбу шаҳарлар Ўзбекистонда эканлигини билмасдим. Бундай қадимий шаҳарлар сенинг юртингда эканлигидан жуда ҳам фахрланишинг керак, чунки бу шаҳарлар дунё маданияти ўчоқлари ҳисобланади”.
Мяньма давлатидан келган ҳарбий шифокор катта лейтенант Кйав Тху Хутан “ Ўзбекистоннинг чиройли иқлими ва гўзаллиги инсонни ўзига тортади, айниқса, туристик жойлари ҳаммамизни ҳайратда қолдирди. Мен албатта Ўзбекистонга бораман. Сиздек инсонлар билан бирга ўқиётганимдан бағоят хурсандман” – дея ўз фикрларини билдирди.
Тадбир якунида иштирокчиларга Ўзбекистондан олиб келинган миллий совғалар – ҳунармандчилик буюмлари, тўн ва дўппи, юртимиз тарихини англатувчи турли сувенирлар тантанали равишда топширилди.
Манба: ЎзА