Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков Umid Reunion 2.020 конференциясида иштирок этди
2020-01-04 | Иқтисодиёт
Жорий йил 3 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги "Эл-юрт умиди" жамғармаси томонидан ташкил этилган "Янгиланаётган Ўзбекистонга янги авлод кадрлари" мавзусидаги "Умид" жамғармаси битирувчиларининг Биринчи халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Конференциянинг мақсади - "Умид" жамғармаси битирувчилари ўртасида доимий мулоқот учун платформа яратиш ва Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари ва истиқболдаги йўналишларини эксперт муҳокамасини ташкил этишдир.
Конференция 18 мамлакатдан 300 дан ортиқ Фонд битирувчиларини бирлаштирди. Унинг доирасида иштирокчилар қатор тематик секцияларда, шу жумладан "Инвестиция муҳитини кучайтириш - иқтисодий ислоҳотлар марказида" секциясида фаол иш олиб боришди.
Конференциянинг ялпи мажлисида Ўзбекистон ҳукумати аъзоларининг маърузалари тингланди. Уларнинг кўпчилиги ўз вақтида "Умид" жамғармаси дастурлари бўйича таълим олган.
Маърузачилар қаторида Umid Reunion 2.020 да иштирок этган Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков сўзга чиқиб, бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар тараққиёти аҳолининг турмуш даражасини тубдан ошириб, мамлакатимиз ривожини сифат жиҳатдан янги босқичига олиб чиқишига ишонч билдирди. Нутқ давомида у қўйилган вазифаларни муваффақиятли амалга оширилишида кучли, ғайратли, ҳалол ва мамлакатимизга содиқ ходимлар асосий омил бўлишини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, ўз нутқида Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишлари, унинг мақсадлари ва муҳим устиворлари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва ташаббусларни қисқача белгилаб, чет эл давлатлари ва мамлакатимизнинг энг яхши олий ўқув юртларида таълим олган юқори малакали кадрлар ресурсларидан инвестиция ва ташқи савдо соҳасида фойдаланиш имкониятлари ҳақида гапириб ўтди.
"Инвестиция муҳитини кучайтириш - иқтисодий ислоҳотлар марказида" мавзусидаги секция йиғилишини модерацияси давомида С.Умурзаков инвестиция муҳити – мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ўзгариши ва унинг ривожланишининг юқори суръатларини таъминловчи пойдевор бўлишига алоҳида урғу берди.
Мавзу муҳокамасигаа “Умид” жамғармаси стипендиатлари ва таклиф этилган меҳмонлар қўшилдилар, жумладан: О.Исаков - Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари, Б. Каримов – Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Д.Ахунджанов - Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатҳонаси раҳбарининг ўринбосари, А.Тура – дунёдаги энг йирик банклардан бири бўлган «Wells Fargo Bank» нинг маслаҳатчиси, М.Ҳусниддинов – «Gateway Global» компаниясининг таъсисчиларидан бири.
Секция йиғилиши иштирокчиларининг эътибор марказида мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш ва ушбу йўналишда эришилган ютуқларни акс эттириш масалалари бўлди. Бунда, жаҳон иқтисодий рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрни барқарор ўсиб бораётганлиги намоён бўлмоқда.
Бундан ташқари, иқтисодиётнинг устувор тармоқларини ривожлантириш учун самарали рақобат муҳитини яратиш, товарлар ва хизматлар бозорини монополлаштириш даражасини босқичма-босқич пасайтириш, бизнес жараёнларининг шаффофлигини ошириш ва мамлакатдаги иқтисодий жараёнларни тартибга солишда юридик институтларнинг ролини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2018 йил сентябр ойида ташкил этилган "Эл-юрт Умиди" жамғармаси "Умид" жамғармасининг ворисидир. "Умид" жамғармаси ёрдами билан 1997 - 2003 йилларда Ўзбекистонлик 828 нафар ёш мутахассислар етакчи хорижий университет ва ўқув муассасаларида таҳсил олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги