Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Кумушкон» туризм қишлоғининг ташкил этилиши аҳоли даромадини оширишга хизмат қилади
2020-01-03 | Туризм
Паркент туманининг “Кумушкон” маҳалла фуқаролар йиғини (МФЙ) ҳудудида зарур инфратузилмани барпо этиш, оилавий меҳмон уйлари фаолияти ва қўшимча туризм хизматларини йўлга қўйиш ҳамда маҳаллий аҳолини туризм соҳасидаги тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида «Кумушкон» туризм қишлоғини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги “Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида”ги қарори билан “Кумушкон” МФЙ ҳудудида туризм қишлоғини ташкил этишга оид чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
“Вазирлар Маҳкамасида илк бор шундай мазмундаги қарор тайёрланиб, у туристик қишлоқ, туристик маҳалла концепциясини ривожлантириш нуқтаи назаридан масалага тизимли равишда ёндашишга йўналтирилди. Бугунга келиб бу каби ишлар қатор вилоятларда амалга оширилмоқда – аҳоли билан суҳбатлар ўтказилиб, янги туристик хизматлар, сайёҳлар учун меҳмон уйларини ташкил этиш эвазига янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, Концепцияни ривожлантириш ва илгари суришда нафақат туризм, балки ижтимоий масалаларни ечишни ҳам ўз олдимизга асосий мақсад қилиб белгилаб олганмиз. Келгусида бундай туристик қишлоқларни янада кўпайтириш режалаштирилган ва бунда “Кумушкон” бошқа туристик қишлоқ ҳамда маҳаллаларни яратишда намуна бўлиб хизмат қилади”, - дейди Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов қарорга изоҳ берар экан.
Ҳужжатга мувофиқ, ҳудудда автомобиль йўлларини асфальт қилиш, ички кўчаларни текислаш ва шағал ётқизиш, йўл кўрсаткич белгиларини ўрнатиш, гулзорлар ташкил қилиш, тунги ёритгичларни ўрнатиш, электр тармоқлари ва газ қувурларини таъмирлаш, чиқинди йиғиш пунктларини қуриш, якка тартибдаги уй-жойлар фасадини таъмирлаш кабилар кўзда тутилган.
Чора-тадбирлар режасига кўра, 2020 йилда “Кумушкон” МФЙдаги 10 хонадон вакилларини жалб қилган ҳолда, Санъаткорлар кўчаси ташкил килинади, мусиқа чолғу-асбоблари билан таъминланади. Шунингдек, миллий санъат ва маданий тадбирларни ўтказиш учун махсус саҳна қурилади.
Бундан аввал Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси сайти ҳамда қатор нашрларда Тошкент вилояти Паркент тумани Кумушкон МФЙ ҳудудида туризм қишлоғини ташкил этишга доир лойиҳага старт берилгани ҳақида хабар берилган эди.
Шуниси диққатга сазоворки, “Кумушкон” МФЙда алоҳида йўналишлар бўйича - этноқишлоқ, миллий таомлар қишлоғи, ҳунармандлар қишлоғи, санъаткорлар қишлоғи ҳамда агротуризм қишлоғини яратиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, бу ерда меҳмон уйлари, халқ кутубхонаси, ёшлар ижодиёт маркази, халқ ўйинлари ва спорт намойишлари майдончаси, ўтовлар шаҳарчаси, туризм ахборот марказлари, сувенирлар ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари дўкони, замонавий санитарик-гигиеник шохобчалар, сайёҳлар учун тиббий хизмат кўрсатиш шохобчаси, сунъий шаршаралар ҳамда 7 мавсумий дам олиш масканини ташкил этиш каби кўплаб тадбирлар амалга оширилади.
Бундан ташқари, “Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида”ги қарори доирасида Тошкент вилоятида “Олтин ҳалқа” концепциясини амалга оширилиши ҳам белгилаб берилди.
Қарор билан Тошкент вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича қўшимча амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланди. Ҳужжат билан 45 инвестиция лойиҳаси амалга оширилади, 1523 та янги иш ўрни яратилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги