Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент вилоятининг туризм салоҳияти “Олтин ҳалқа” концепцияси асосида ривожлантирилади
2020-01-03 | Туризм
Тошкент вилоятига ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини кўпайтириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда маҳаллий аҳоли даромадини ошириш мақсадида Бўстонлиқ, Оҳангарон, Паркент, Бўка, Чиноз, Зангиота туманлари ва Ангрен шаҳрида “Олтин ҳалқа” концепцияси асосида зарур инфратузилма шакллантирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2021 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида”ги 1053-сонли қарорида (2019 йил 31 декабрь) шу ҳақида сўз юритилади. Ҳужжатга кўра, Тошкент вилоятидаги ҳар бир туман ўзига хос бўлган туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиб, туризмнинг алоҳида йўналишларини ривожлантириб боради.
Масалан, Бўстонлиқ тумани "Чорвоқ” эркин туристик зонаси, Угам-Чотқол миллий боғи, “Чорвоқ” сув омборига эга, ҳудудда туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш имконияти мавжуд; Паркент тумани – тоғ олди ҳудуди ҳисобланиб, табиати гўзал, ҳудуднинг зиёратгоҳлари, агротуризм масканлари, мазали овқатланиш шохобчалари мавжуд; Зангиота тумани - тарихий ҳудуд, у зиёрат туризми объекти бўлган “Зангиота” мажмуаси, ҳунармадчилик марказлари, савдо мажмуаларига эга; Оҳангарон тумани тарихий манзилгоҳлар, маданий мерос объектларига бой, саноат туризми йуналиши бўйича туризм намойиши объектларига эга; Бўка туманининг гастрономик туризм йўналишида ўзига хос туристик объектлари мавжуд; Чиноз тумани Тошкент ва воҳани боғловчи асосий магистрал йўл бўйида жойлашган бўлиб, агротуризм, гастрономик туризм ва туризмнинг бошқа турларини ривожлантириш имкониятларига эга; Ангрен шаҳри саноат шаҳри эканлиги билан машҳур, Янгиобод ва Лашкарак ҳудудларининг табиати гўзал, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи йўлбўйи овқатланиш шохобчалари бор.
Таъкидлаш жоизки, мазкур концепция доирасида дастлаб туризм салоҳияти юқори бўлган Бўстонлиқ, Паркент, Зангиота, Оҳангарон, Бўка, Чиноз туманлари ва Ангрен шаҳри қамраб олинади, кейинчалик эса вилоятнинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ қилинади. Бундан аввал Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Тошкент вилоятида туристик “Олтин ҳалқа”ни яратиш режалаштирилаётгани ҳамда шунга доир концепция ишлаб чиқилаётгани ҳақида маълум қилган эди.
https://kun.uz/news/2019/06/04/toshkent-viloyatida-515-million-dollarlik-zamonaviy-tog-kurort-dam-olish-maskanlari-ishga-tushadi
https://www.gazeta.uz/ru/2019/06/04/mountain-resorts/
https://podrobno.uz/cat/obchestvo/v-tashkentskoy-oblasti-poyavitsya-svoe-zolotoe-koltso/
https://ria.ru/20190604/1555242934.html
Мазкур қарорнинг имзоланиши эса навбатдаги ваъданинг устидан чиқилганидан далолат беради.
“Олтин ҳалқа” концепцияси қуйидаги вазифалар ижросини назарда тутади:
Зангиота - Чиноз - Бўка - Оҳангарон - Ангрен - Паркент - Бўстонлиқ йўналишида туризм маршрутлари ва йўл кўрсаткич хариталарини ишлаб чиқиш;
Ҳудудлардаги туристик объектларни хатловдан ўтказиш, объектларнинг барча маълумотларини ўз ичига олган паспортларини тайёрлаш, ҳар бир туризм объектида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича йўл хариталарини ишлаб чиқиш;
Туризм маршрутларидаги мавжуд йўлбўйи инфратузилмаларини хатловдан ўтказиш, уларда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш чораларини кўриш, янги ташкил этиш зарур бўлган йўлбўйи инфратузилмаларини жойлаштириш манзилларини белгилаш ва намунавий лойиҳаларини тайёрлаш;
Туризм маршрутларида янги туризм объектларини ташкил этиш юзасидан жаҳон тажрибасини ўрганиш, янги туризм объектларини барпо этиш манзилларини аниқлаш, намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
Туризм маршрутларида алоҳида “Олтин ҳалқа” йўналишли таксилар, замонавий енгил автомашиналар, микроавтобуслар ва автобуслар қатновини ташкил килиш; Концепция доирасида ҳудудларнинг йўл инфратузилмасини яхшилаш чораларини кўриш;
Ҳудудларда туристлар учун миллий урф-одатларни намойиш этувчи маданий-кўнгилочар тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва доимий равишда ташкил этиш;
Ҳар бир ҳудуднинг миллий чойхоналарини ташкил этиш;
Ҳунармандчиликни ривожлантириш, туристлар учун эсдалик совғалари тайёрлашни йўлга қўйиш, ҳунармандларнинг уй-музейларини ташкил этиш;
Оилавий меҳмон уйларини ташкил қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш ва аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш;
“Олтин ҳалқа” туризм концепцияси доирасида Тошкент вилоятининг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича видеороликлар, қўлланмалар, йўл кўрсаткичлар, реклама-тарғибот материаллари тайёрлаш ва тарқатиш;
Туризм объектларида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича соҳада фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар ходимлари учун махсус ўқув курсларини ташкил қилиш.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги