Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БАА резиденти мақомини олган хорижий давлатлар фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириш имконига эга бўлади
2019-12-31 | Туризм
2020 йилнинг 1 январидан эътиборан Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) резиденти мақомини олган хорижий давлатлар фуқаролари 30 кун муддатга Ўзбекистонга визасиз кириш имконига эга бўлади. Президентнинг 2019 йил 28 декабрдаги “2019 йил 18 мартдаги “БАА фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига кириш режимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5691-сонли Фармонига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Фармонида (№5897) шу ҳақида сўз юритилади.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, БАА инвесторлари учун мамлакатимизнинг сармоявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган.
Фармонга киритилган ўзгартиришга кўра, 1-бандга қуйидаги мазмунда ўзгартириш киритилди: “2019 йил 20 мартдан бошлаб Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун, шунингдек, 2020 йил 1 январдан бошлаб БАА резиденти мақомини олган хорижий давлатлар фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кун муддатга визасиз режим белгилансин. Бирлашган Араб Амирликлари резиденти мақомини олган хорижий давлатлар фуқаролари Ўзбекистон Республикасига кириш вақтида амал қилиш муддати 90 кундан кам бўлмаган резидентлик визасининг асл нусхасини тақдим этадилар”.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги