Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Дўстлик жамияти фаолияти муҳокама қилинди
2019-12-30 | Жамият
2019 йил 28 декабрь куни Сув хўжалиги вазирлигида «Ўзбекистон-Тожикистон» дўстлик жамияти бошқарув аъзолари ва фаоллар билан учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон билан Тожикистонни умумий тарих, узвий маънавий қадриятлар боғлаб туради. Икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик ришталари билан боғланган. Бизни икки тилда гаплашувчи бир халқ дейишади.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири, “Ўзбекистон-Тожикистон” дўстлик жамияти раиси Ш.Хамраев очар экан, давлат раҳбарлари ўртасида юзага келган яқин ва ишончли алоқа, тўғридан-тўғри ҳамда мунтазам мулоқот туфайли сўнгги уч йилда икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда катта ижобий ўзгаришларга эришилганлигини таъкидлади. Ўзбекистон-Тожикистон кўп қиррали муносабатлари мисли кўрилмаган юксак даражага – стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бу қардош халқларимиз манфаатларидан келиб чиқиб, барча соҳалардаги икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш имконини берди.
- Халқларимиз қадимдан бирга яшаган ва равнақ топган, шунинг учун яқин қўшничилик ҳамда бир-бирини ҳурмат қилиш анъаналари бугун ҳам турли йўналишларда ҳамкорлик қилиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда, - деди учрашувда сўзга чиққан Тожикистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий.
Бугун Ўзбекистонда тожик миллатига мансуб қарийб 1,5 миллион фуқаро истиқомат қилади. Юртимиз бўйлаб 10 та тожик миллий маданий марказини ўзида бирлаштирган Республика тожик миллий маданий маркази муваффақият билан фаолият юритмоқда. 245 та мактабда таълим тожик тилида олиб борилади. Самарқанд, Термиз ва Фарғона университетларида дарслар тожик тилида ўтиладиган гуруҳлар мавжуд. Тожик тилида даврий матбуот нашри, теледастур ва радиодастурлар тақдим қилинади.
Буюк тожик шоири Абдулло Рудакий ёзган:
Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,
Буюк аждодларимиз ва мутафаккирларимиз Навоий ва Жомий, Абдурауф Фитрат ва Садриддин Айний, Ғафур Ғулом ва Мирзо Турсунзода, Абдулла Орипов ва Лойиқ Шерали ўзбеклару тожикларнинг самимий ва соф дўстлигини тараннум этганлар.
Учрашувда «Ўзбекистон-Тожикистон» дўстлик жамияти фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш масалалари муҳокама қилинди, бу борада жамият бошқарув аъзолари ва фаоллар ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришига келишиб олинди.
Тадбирда кириб келаётган Янги йил байрами муносабати билан табриклар, қутловлар айтилди. Дўстлик жамияти фаолларига ташкилотчиларнинг совғалари топширилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги