Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Натижалар танқидий руҳда таҳлил этилди
2019-12-30 | Хавфсизлик соҳаси
28 декабрь куни Ички ишлар вазири ўринбосари ҳамда Ўз хавфсизлик бошқармаси бошлиғи иштирокида, Бош бошқарма раҳбарияти ва шахсий таркиби ҳамда вилоятнинг 22та шаҳар-туманларда хизмат қилаётган ходимлар билан “Хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш” масаласида ўтказилди. Якуний натижаларга кўра, уч нафар ходим ички ишлар органлари сафидан расман бўшатилди. Олти нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, 60 дан ортиқ ходимларга огоҳлантириш берилди. Шунингдек, хизмат фаолияти билан ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган 30 дан ортиқ садоқатли ходимлар рағбатлантирилди. Бош бошқарманинг раҳбар ходимларидан бири, ИИВнинг юқори лавозимига тайинланди.
ИИББ катта мажлислар залида ўтказилган йиғилишда бош бошқарма таркибидаги бошқармалар ва соҳавий хизмат раҳбарлари, шахсий таркиби, шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари, уларнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этган бўлса, ҳудудий ички ишлар бўлимларида ҳам масъул ходимлар жараённи видеоалоқа тарзида бевосита кузатиб боришди.
Ички ишлар вазирининг кадрлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, полковник Рустам Ҳатамов кун тартибидаги масала – ходимлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар, хизмат интизомининг бузилиши, шунингдек, келгусида ходимлар ўртасида салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида атрофлича сўз юритди.
Тизимда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар ва яратиб берилаётган имкониятларга қарамай, ходимлар орасида ўз хизмат фаолиятига масъулиятсизлик билан қараётган, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этаётганлари таъкидлаб ўтди.
– Жамиятда жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиб, одамларни тўғри йўлга соладиган, шахсий ибрат бўладиган ички ишлар ходими ўзи ҳуқуқбузарлик содир этса, буни қандай тушуниш мумкин? -деди вазир ўринбосари.
Йиғилишда иштирок этган бошқа раҳбарлар ҳам соҳа ходимлари ўртасида учраётган аксар салбий ҳолатларга батафсил тўхталиб ўтди. Ҳусусан, жорий йил давомида республика миқёсидаги ходимлар ўртасида содир этилган жиноятлар ҳақида гапириб, Тошкент вилояти ҳам бундан мустасно эмаслигини айтди. Ҳар бир ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг оқибатларини, иштирокчиларнинг олдида танқидий муҳокама қилди. Шу билан бирга соҳавий хизмат раҳбарларига бундай камчиликларни бартараф этиш борасида зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.
– Ташриф учун сизга миннатдорлик билдираман хурматли вазир ўринбосари. Келтириб ўтилган хато- камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдим, -деди сўзга чиққан бош бошқарма бошлиғи полковник Тоҳир Арипов.
– Келгусида мазкур ҳолатларнинг барчаси бартараф этилиб, Ички ишлар органлари ривожи ва ижобий имижини шаклланишида Тошкент вилояти ИИББ албатта амалий натижалари билан барчага намуна бўлишига ишонаман ва ваъда бераман.
Йиғилиш сўнгида хизмат фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Хизматида кечириб бўлмас хатога йўл қўйган 3 нафар ходим ички ишлар органлари сафидан бўшатилди. 6 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Шунингдек, хизмат интизоми ва қонунчиликни бузишга мойил 27 нафар ходимларнинг фаолиятини интизомий кенгашларда муҳокама қилиб, уларни ички ишлар органларида қолиш-қолмаслик масаласини ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.
2 нафар ходимга қаттиқ ҳайфсан, 6 нафарига эса ҳайфсан ва яна 5 нафарига танбеҳ интизомий жазолари берилди. 37 нафар ходим эса огоҳлантирилди.
Шунингдек, тадбир жараёнида ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, жиноятчиликнинг олдини олишда ва хизмат фаолияти билан ҳамкасбларига намуна бўлиб келаётган 31 нафар ходимларни, вазир ўринбосари алоҳида эътироф этиб, уларни рағбатлантириш тўғрисида кўрсатма берди.
Тадбирнинг яна бир алоҳида эътиборли жиҳати шунда бўлдики, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан, тизимда 30 йилга яқин турли лавозимларда хизмат қилган, Тошкент вилояти ИИББ МваФРБ бошлиғи подполковник Улуғбек Мирзақамбаров, ИИВ МваФРББ бошлиғининг ўринбосари лавозимига тайинланганлиги муносабати билан қутланди.
Йиғилиш сўнгида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли хулоса чиқарилди. Ходимлар билан олиб борилаётган тарбиявий-профилактик ишлар самарадорлигини янада ошириш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида келгусида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги