Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Санкт-Петербург шаҳридаги меҳнат мигрантлари билан боғлиқ ҳолат юзасидан баёнот
2019-12-30 | Жамият
2019 йил 27 декабрь куни BBC нашрида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаб туриш маркази (“Красное село”)да жойлаштирилган бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг оғир шароитларда бўлганлиги, Ўзбекистонга қайтиш жараёни чўзилиб кетаётгани тўғрисида маълумот эълон қилинди. Маълумотда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Санкт-Петербургдаги ваколатхонаси вакили меҳнат мигрантларига уларни Ўзбекистонга қайтариш учун гуёки давлат бюджетида маблағ йўқлигини айтгани таъкидланган.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мазкур ҳолатни ўрганиб чиқди, натижада мақолада қатор фактларнинг ёлғонлиги аниқланди.
Биринчидан, ВВСда эълон қилинган мақолада Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаб туриш марказида 800 нафарга яқин фуқаро жойлаштирилган деб нотўғри маълумот берилган. Аслида ушбу марказ қуввати 336 нафар шахсга мўлжалланган бўлиб, ундан кўп одам сиғдира олмайди! Марказ раҳбарияти тақдим этган маълумотларга кўра, 2019 йил декабрь ойида бу ерга 320 нафар фуқаро олиб келинган.
Иккинчидан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Санкт-Петербургдаги ваколатхонаси вакили фуқароларни Ватанга қайтариш учун давлат бюджетида пул йўқлигини айтмаган ва айтиши ҳам мумкин эмас эди, чунки ушбу мақсадларга Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасидан етарли пул ажратилган.
Ваколатхона вакили вақтинчалик сақлаб туриш марказидаги фуқаролар билан ташкил қилинган суҳбат давомида улардан ҳеч бири бундай маълумотни ВВС нашрига айтмаганлигини қайд этди ва бу ҳақида видеотасвир ҳам мавжуд.
Аслида ваколатхона вакили фуқароларни қайтариш (депортация қилиш) жараёни билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш маълум вақт талаб этиши, ҳужжатлар тайёр бўлгандан сўнг уларга йўл чипталари олиб берилиши, улар Ўзбекистонга қайтиши билан моддий ёрдам пули олишини тушунтирган.
Учинчидан, Санкт-Петербургдаги чет эл фуқаролари учун вақтинчалик яшаш марказидан меҳнат мигрантлари деярли ҳар ой Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан Ўзбекистонга қайтарилади. Россия Федерацияси қонунчилигига асосан депортация қилиш билан боғлиқ барча зарур ҳужжатлар, жумладан суд қарори тайер бўлмагунча фуқароларни Россия ҳудудидан олиб чиқиб кетиш мумкин эмас. Шу кеча-кундузда ҳужжати тайёр бўлган 12 нафар фуқаро айнан Санкт-Петербург марказидан Ўзбекистонга олиб келинди. 2019 йилнинг 30 декабрида яна бир гуруҳ фуқароларимизнинг Ўзбекистонга олиб келиниши кутиляпти. Қайд этиш лозимки, 2019 йилнинг ўтган даврида Россия Федерациясидан 3 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан Ватанга қайтарилган.
Шу ўринда Россия Федерациясига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун йўл олаётган ҳурматли фуқароларимиздан Ташқи меҳнат миграция агентлигининг ҳудудлардаги филиалларига ташриф буюриб, Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредит олиш, ўз ҳаёти ва соғлиғини Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан суғурта қилиш, имтиёзли нархларда авиа ва темир йўл чипталар олиши мумкинлиги ҳақида хабардор этамиз.
Муаммоли вазиятларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналарига ёки 71 202-33-55 телефон рақами орқали мурожаат қилишингиз сўралади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги