Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашув
2019-12-27 | Сиёсат
2019 йилнинг 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Сайловларни кузатиш бўйича миссияси раҳбари Каетана де Зулуета Оутрамни қабул қилди.
Каетана де Зулуета Оутрам Ўзбекистон томонининг сайловга таклиф қилгани ва Миссия ходимларини ҳар қайси ҳудудда, ҳар қайси сайлов участкасида илиқ қабул қилишгани учун миннатдорчилик изҳор этди.
Ўзбекистондаги парламент сайловида биринчи бор ЕХҲТ делегацияси кенгайтирилган шаклда иштирок этди ва у ташкилотнинг 37 та иштирокчи давлатларидан келган 316 нафар кузатувчидан, жумладан 271 нафар ДИИҲБ ва 45 нафар ЕХҲТ Парламент ассамблеяси вакилларидан таркиб топди.
Учрашув чоғида Ўзбекистондаги парламент сайловини кузатишнинг дастлабки натижалари ва хулосалари тўғрисидаги ДИИҲБ миссиясининг 23 декабрдаги Баёнотига алоҳида эътибро қаратилди. Катта ҳажмли ҳужжатда сайлов кампанияси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар руҳида ўтгани қайд этилади.
Суҳбатда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш борасидаги биргаликдаги ишларнинг ижобий натижалари эътироф этилди ва томонларнинг Ўзбекистондаги демократик жараёнларни ривожлантириш юзасидан келгусида ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрлиги тасдиқланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги