Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Кўз микрожарроҳлиги бўйича Марказий Осиёда ягона Ўқув симуляцион маркази расман очилди

2019-12-26 | Инновация

25 декабрь куни Кўз микрожарроҳлиги бўйича Марказий Осиёда ягона Ўқув симуляцион марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур симуляцион ўқув маркази Инновацион ривожланиш вазирлиги, DMC Инновацион клиникаси, Тошкент Тиббиёт Академияси ҳамкорлигида халқаро стандартлар бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, у Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган стартап лойиҳалар танлови натижаларига кўра молиялаштирилди.

Тадбирда Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Боситхонова, Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров, DMC клиникаси директори Зулфия Мақсудова ва ходимлари, соҳа мутахассислари ва журналистлар иштирок этди.

– Бугунги кунда тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлашга, тиббий хизмат сифатини оширишга катта эътибор қаратилмоқда, – деди А.Назаров, – Шу ўринда DMC инновацион клиникаси юқори технологик тиббий хизматларни кўрсата оладиган кўп тармоқли инновацион клиникалардан биридир. Ушбу клиника мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига янги технологиялар ва инновацияларни кенг олиб кирди, деб айтсак хато бўлмайди. Чунки бу клиника раҳбарияти ва ходимлари ўз устида тинимсиз ишлаб, янгиликларга интилган ҳолда ўз фаолиятини ташкил қилиб келишмоқда.

Марказнинг асосий мақсади катаракта факоэмульсификацияси ва витреоретинал жарроҳлик бўйича мутахассисларни жаҳон стандартлари даражасида тайёрлашдан иборат. Малака ошириш амалиётлари Германияда ишлаб чиқарилган Eyesi VRmagic симуляцион аппаратида амалга оширилади.
– Ушбу марказ кўз микрохирургияси бўйича мутахассисларни Республикамиздан ташқарига чиқмасдан туриб ўта замонавий усулда мураккаб амалиётларни ўрганиш имкониятини беради. Махсус симуляторларда амалий тренинглар натижалари автоматик тарзда компьютерлаштирилган дастур орқали бахоланади ва бу ўта малакали мутахассислар етишиб чиқиши учун асос хисобланади. Мазкур марказда биз йилига 50 нафар етук мутахассис етиштириш имкониятига эгамиз, – дейди З.Мақсудова.

Бугунги кунда мамлакатимизда энг кенг тарқалган операциялардан бири – катаракта факоэмулсификацияси билан шуғулланадиган офтальмохирурглар тайёрлаш даражаси қониқарсиз эканлиги кузатилмоқда. Масалан, 2017 йили Ўзбекистонда 40 000 тага яқин катаракта жаррохлиги амалга оширилган бўлиб, бу 1 000 000 аҳоли учун 825 та операция деганидир, яъни мамлакатнинг йиллик эҳтиёжининг атиги 24.5% ни ташкил этади. Бугунги кунда Ўзбекистонда катаракта факоэмулсификацияси билан шуғулланадиган 11 нафар юқори малакали мутахассис мавжуд. Республика бўйича 150 000 факоэмулсификацияга муҳтож беморлар борлигини инобатга олсак, мана шу юқори малакали мутахассислар ўз имкониятларидан максимал фойдаланган ҳолда йилига жами 10 000 та жарроҳлик амалиётини ўтказишлари мумкин.

Дунёда катаракта факоэмулсификацияси бўйича мутахассисларни тайёрлашнинг яна икки тури мавжуд: биринчиси — WetLab тизими бўлиб, унда маъруза ва семинарлар шаклидаги назарий машғулотлар ўтказилади ҳамда ҳайвонларнинг кўзларида амалий кўникмалар шакллантирилади. Бироқ ҳайвонларнинг кўзлари инсон кўзларидан кескин фарқ қилади, мутахассислар ҳайвонларнинг кўзларида ўртача 20 та операцияни амалга оширади холос. Мазкур тизим тизим Россия Федерацияси, Европа ва Қозоғистонда қўлланилади.

Иккинчиси — назарий машғулотлар маъруза ва семинарлар шаклида ўтказилади, амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш ишлари эса бевосита беморларнинг кўзларида амалга оширилади. Ўз навбатида, вужудга келиши мумкин бўлган асоратлар учун таълим бераётган жарроҳнинг ўзи жавоб беради. Бунда мустақил операциялар сони 30 тани ташкил этади. Ушбу таълим усули Ҳиндистонда қўлланилади, одатда ноқонуний ҳисобланади. Икки ҳафталик ўқув жараёни камида 6 минг АҚШ долларига тенг.

Офтальмохирург шифокорларини тайёрлашнинг жаҳон стандарти бўлган Eyesi by VRmagic тизимидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда инновацион ўқув-симуляция марказининг ташкил этилиши тиббиётнинг мазкур йўналишини ривожлантиришга катта туртки беради.

Ушбу марказ Марказий Осиё мамлакатлари орасида ягона хисобланиши бу унинг ноёблигидир, - дейди марказ директори Дуйсебоев Э.Т. Шу сабабли нафақат Республикамиз, балки қўшни давлатлар мутахассислариниям малака ошириш учун таклиф қилинади. Ушбу марказ Марказий Осиё мамлакатлари орасида ягона хисобланиши бу унинг ноёблигидир, - дейди марказ директори Дуйсебоев Э.Т. Шу сабабли нафақат Республикамиз, балки қўшни давлатлар мутахассислариниям малака ошириш учун таклиф қилинади. 

Eyesi by VRMAGIC жарроҳлик симулятори махсус кўз модели, жарроҳлик асбоблари эмуляторлари тўплами, микроскоп эмулятори ҳамда микроскоп ва жарроҳлик тизимини назорат қилувчи оёқ педаллари билан жиҳозланган. VRMAGIC тиббий симуляторларидан фойдаланиш орқали мутахассисларни тайёрлаш сифати ошади, жарроҳлик асоратлари камаяди. Таълим олиш ва кўникмаларни мустаҳкамлашга камроқ вақт ва маблағ сарфланади. Марказда Катаракта факоэмульсификацияси бўйича биринчи синов гурухи мутахассислари 2019 йил 2 декабрдан 14 декабргача муваффақиятли тарзда малака оширишди ва махсус сертификатга эга бўлишди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги

Поделиться