Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
2019-12-26 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раислигида Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Кенгаш йиғилишида ваколатли вазирлик ва идоралар томонидан тайёрланган Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши доирасида товарлар учун божхона тариф ён беришлари бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Давлат божхона қўмитасининг божхона бошқаруви самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди. Ўзбекистоннинг Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг "Бизнесни юритиш" рейтингидаги мавқеини ошириш мақсадида ташқи савдо тартибини соддалаштириш бўйича "Йўл харита" ишлаб чиқилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, ваколатли органларнинг сертификатлаштириш учун йиғимлар миқдорларини ўрнатиш ва уларни ҳисоблаш базавий миқдорига таянган ҳолда оптималлаштириш ҳамда товарлар рўйхатларини халқаро норма ва қоидалар билан уйғунлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрлиги ҳолати бўйича ҳисоботлари тингланди.
Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, назорат ва сертификатлаштириш органлари фаолиятини оптималлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, Кенгаш фаолиятига танқидий баҳо берилди. Кенгаш Котибиятига уни ташкил этишда ташқи савдо соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва таъминлаш, бизнес билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш ва иқтисодий ривожланишга салбий таъсир кўрсатадиган омилларга қарши тезкор чоралар жорий этиш, маҳаллий товарларни ташқи бозорларга чиқишини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига сифатсиз маҳсулотлар импортининг олдини олиш бўйича комплекс стратегияни ишлаб чиқишга қаратилган тубдан янги ёндашувларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги