Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Капитал бозорини ривожлантириш стратегияси муҳокама қилинди​

2019-12-26 | Иқтисодиёт

Тошкентда 25 декабрь куни “2020-2025 йилларга мўлжалланган капитал бозорини ривожлантириш стратегияси” тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, халқаро молия институтлари вакиллари, капитал бозорининг профессионал иштирокчилари, акциядорлик жамиятлари аъзолари иштирок этди.

Капитал бозорини ривожлантириш стратегияси ЕТТБ ва ОТБ кўмагида Буюк Британиянинг “BTA” (Brian Taylor) ва Гонконгнинг “ISC” (International Securities Consultancy) консалтинг компаниялари маслаҳатчилари тавсияларидан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, 5 та йўналишни ўз ичига олади. Тақдимот давомида агентлик раҳбарияти ва тегишли мутахассислар мазкур муҳим йўналишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.


Хусусан, cтратегиянинг дастлабки банди инвесторлар базасини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, молиявий саводхонликни яхшилаш орқали қимматли қоғозларга бўлган талабни оширишга бағишланган. Бунда чет эл сармоядорларининг мамлакат капитал бозорига киришини соддалаштириш, миноритар инвесторлар ҳуқуқи муҳофазасини кучайтириш, акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонунни такомиллаштириш режалаштирилган.

Мазкур лойиҳа жисмоний шахслар учун давлат қимматли қоғозларини сотиб олишда мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва Ўзбекистон резидентларига хорижий эмитентлар қимматли қоғозларини сотиб олиш учун шарт-шароит яратишни кўзда тутади. Бу давлат қимматли қоғозларининг иккиламчи бозорини ривожлантиришга кўмаклашиб, Ўзбекистонга инвестицияларни диверсификация қилиш имконини беради.


Ушбу банд доирасида, шунингдек, пенсия жамғармалари ва суғурта компаниялари билан ҳамкорликдаги инвестициявий фаолиятни кучайтириш режалаштирилган.

Эмитентлар сонини кўпайтириш, янги молиявий маҳсулотлар ва корпоратив бошқарувни такомиллаштириш орқали таклифлар кўламини кенгайтиришни кўзда тутувчи бандда асосий эътибор хусусийлаштириш жараёнини такомиллаштиришга қаратилган. Бунда янги молиявий маҳсулотларни жорий этиш мақсадида мавжуд облигация турларини диверсификация қилиш таъминланади.


Стратегия лойиҳасида ҳуқуқий меъёрларни тартибга солиш, қонунчилик ва назорат тизимини такомиллаштиришга алоҳида аҳамият берилган. Жумладан, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш соҳасидаги барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни бирлаштиришни назарда тутувчи "Капитал бозори тўғрисида"ги ҳамда агентлик томонидан Қимматли халқаро стандартлар ва қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти (IOSCO) тамойиллари асосида капитал бозорини ривожлантириш бўйича фаолиятни аниқ тартибга солувчи "Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тўғрисида"ги қонунлар лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилган.

Капитал бозорини ривожлантиришда инфратузилмани яхшилаш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада профессионал иштирокчиларнинг ўзини ўзи тартибга солувчи нодавлат бирлашмасини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.


Шу билан бирга, биржа инфратузилмасини такомиллаштириш, хусусан, мавжуд фонд биржалари, савдо ташкилотчилари фаолиятини оптималлаштириш, маҳаллий ва хорижий фонд биржаларидаги назорат пакетларини бирлаштириш имконияти кўриб чиқилади. Ушбу йўналишда "Миллий инвестиция компанияси"ни ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Тузилманинг асосий вазифаси инвестициявий консалтинг, сармояларни бошқариш ва жалб қилиш, андеррайтинг бўйича хизмат кўрсатиш, молиявий активларни бошқариш ва хусусийлаштириш, халқаро облигацияларни жойлаштиришга кўмаклашиш сингари йўналишлардан иборат бўлади.

Стратегия доирасида капитал бозорини мувофиқлаштирувчи органнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш йўллари ҳам кўрсатиб ўтилган. Хусусан, Марказий банк ҳамда Молия вазирлиги таркибидаги қимматли қоғозлар бозори билан боғлиқ фаолиятни амалга оширадиган тегишли бўлинмалар ва Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги зиммасидаги вазифаларни аниқ белгилаш таклиф қилинмоқда. Бу стратегияда белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга оширишга хизмат қилади.


"2020-2025 йилларга мўлжалланган капитал бозорини ривожлантириш стратегияси"ни муваффақиятли амалга ошириш орқали давлат қимматли қоғозларини ҳисобга олган ҳолда эркин муомаладаги қимматли қоғозлар улушини ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизи, яъни айни пайтда 6 миллиард долларга етказиш, бозорнинг барча иштирокчилари учун аниқ қоидалар жорий этиш ва инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш, "Frontiermarkets" халқаро индексларига қўшилиш, сармоя бозори орқали Ўзбекистонга киритиладиган хорижий инвестициялар миқдорини сезиларли даражада ошириш, иқтисодиётнинг банк секторига боғлиқлигини, давлатнинг банк секторидаги иштирокини камайтириш, яширин айланмадаги қўшимча маблағларни иқтисодиётга жалб қилиш ва пировардида Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал суръатларда ўсишини таъминлаш каби муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этиш мақсад қилинган.

Тақдимот доирасида Агентлик томонидан аудит, солиқ, транзакцияларни қўллаб-қувватлаш ва консалтинг соҳасида жаҳонда етакчи бўлган Буюк Британиянинг "Ernst & Young" халқаро компаниясига инвестицион маслаҳатчи лицензияси топширилди. Ушбу лицензия компанияга маҳаллий акциядорлик жамиятларига қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва муомалага киритиш бўйича, қимматли қоғозлар бозори ва иштирокчилар ҳолатини таҳлил қилиш ва баҳолаш юзасидан маслаҳат бериш имконини беради. Бундан ташқари, эндиликда мазкур компания тегишли кадрларни қайта тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш, шунингдек, қимматли қоғозлар бозорида мижозлар ҳисоботларини тайёрлаш билан ҳам шуғулланиши мумкин.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться