Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари иштирокида видеоселектор йиғилиш ўтказилди
2019-12-25 | Жамият
Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари ҳамда Ўз хавфсизлик бошқармаси бошлиғи иштирокида ички ишлар бошқармаси ва ҳудудий бўлинмаларида хизмат қилаётган ходимлар билан хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Вилоят ИИБ мажлислар залида ўтказилган йиғилишда вилоят ИИБ таркибидаги бошқармалар ва соҳавий хизмат раҳбарлари, шахсий таркиби, шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари, уларнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этган бўлса, ҳудудий ички ишлар бўлимларида ҳам масъул ходимлар жараённи видеоалоқа тарзида бевосита кузатиб бордилар. Йиғилишни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Р. Маматов бошқариб борди.
Ички ишлар вазирининг кадрлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, полковник Р.Ҳатамов кун тартибидаги масала – ходимлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар, хизмат интизомининг бузилиши, шунингдек, келгусида ходимлар ўртасида салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида атрофлича сўз юритди.
Вазир ўринбосари масалага чуқур ва таҳлилий ёндошиб, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ва Ички ишлар вазирлиги томонидан соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Таъкидландики, тизимда олиб борилаётган бу каби кенг ислоҳотлар ва яратиб берилаётган имкониятларга қарамай, ходимлар орасида ўз хизмат фаолиятига масъулиятсизлик билан қараётган, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этаётганлари ҳам учраб турибди.
– Жамиятда жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиб, одамларни тўғри йўлга соладиган, шахсий ибрат бўладиган ички ишлар ходими ўзи ҳуқуқбузарлик содир этса, буни қандай тушуниш мумкин?– деди вазир ўринбосари куюнчаклик билан. – Энди бундай лоқайд ва масъулиятсизлик билан ишлаб бўлмайди. Юртбошимиз, она ватанимиз, меҳнаткаш халқимиз сизу бизга юксак ишонч билдирган. Бу ишончли оқлаш учун қатъий тартиб-интизом билан ишлашимиз шарт.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ўз хавфсизлик бошқармаси бошлиғи ҳам мавзу юзасидан сўзга чиқиб, соҳа ходимлари ўртасида учраётган айрим салбий ҳолатларга батафсил тўхталиб ўтди. Шу билан бирга соҳавий хизмат раҳбарларига бундай камликларни бартараф этиш борасида зарур маслаҳат ва тавсиялар ҳам берди.
Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим ходимларга нисбатан турли хил интизомий таъсир чоралари кўрилди. Масалан, фаолиятида кечириб бўлмас хатога йўл қўйган 2 нафар ходимни ички ишлар органлари сафидан бўшатиш, 2 нафар ходимни хатти-ҳаракатига интизомий жазо сифатида махсус унвонини бир поғонага пасайтириш бўйича таклиф киритилди. Хизмат интизоми ва қонунчиликни бузишга мойил 10 нафар ходимларнинг фаолиятини интизомий кенгашларда муҳокама қилиб, уларни ички ишлар органларида қолиш-қолмаслик масаласини ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди. 2 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 6 нафар ходимга қаттиқ хайфсан берилди. 68 нафар ходим эса огоҳлантирилди.
Шунингдек, тадбир жараёнида ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, жиноятчиликнинг олдини олган 2 нафар ходимга пул мукофоти, уларнинг ота-онасига эса ташаккурномалар тақдим қилинди. 10 нафар ходимга эса оилавий шароитини яхшилаш учун моддий кўмак кўрсатилди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли хулоса чиқарилиб, ходимлар билан олиб борилаётган тарбиявий-профилактик ишлар самарадорлигини янада ошириш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида келгусида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги