Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳон банки илмий ишланмаларни тижоратлаштириш учун 50 млн. АҚШ доллари ажратиши маълум қилинди
2019-12-24 | Инновация
24 декабрь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда инновацион ғояларни ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш” мавзусида брифинг ўтказилди. Брифингда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, вазирнинг халқаро маслаҳатчиси Ербол Сулейменов ҳамда бошқарма бошлиғи Жамолиддин Бобохонов йиғилганларга мавзу юзасидан маълумотлар тақдим этдилар, тадбир иштирокчиларининг кўплаб саволларига жавоб бердилар.
Конференцияда илмий ишланмалар тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларни қўллаб қувватлаш ва бу йўналишдаги ишларни Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари ҳақида ОАВ ва жамоатчилик вакилларига маълумотлар берилди.
Бугунги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги маҳаллий илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини кучайтиришда илм-фан ҳиссасини ошириш мақсадида илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ 43 та инновацион ишланмаларга қўшимча равишда 69 та ишланмалар тижоратлаштириш учун саралаб олинди ва тижоратлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 102 та инновацион ишланмалар тижоратлаштирилмоқда. Олиб борилган ишлар натижасида умумий қиймати 35,4 млрд. сўм миқдорида маҳсулот ишлаб чиқарилди ва 29,57 млрд. сўмлик маҳсулот реализация қилинган.
Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳозирга қадар “start-up” лойиҳаларни ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириш учун икки марта танлов ўтказилган. Танлов натижаларига кўра жами 32 та лойиҳа саралаб олинган ва уларга 29,2 млрд. сўм пул маблағлари йўналтирилган. Биринчи танловга жами 172 та лойиҳалар тақдим этилган. Танлов натижаларига кўра Илмий-техник кенгаш қарорига асосан жами 16 та лойиҳаларни молиялаштиришга 13,9 млрд. сўм йўналтирилади. Иккинчи танлов бўйича эса жами 136 та лойиҳалар онлайн рўйхатдан ўтказилган. Танлов натижаларига кўра 16 та қиймати 15,3 млрд. сўмлик “start-up” лойиҳалар молиялаштиришга тавсия этилди.
Мана шу ишларни давом эттириш ва такомиллаштириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича концепциянинг лойиҳасини тайёрламоқда. Жаҳон банки Директорлар кенгаши томонидан тасдиқланганидан сўнг 2020 йилда мазкур лойиҳани молиялаштириш учун тахминан 50 млн. АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ажратилиши режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа амалий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ёндашувларни жорий этишга қаратилган бўлиб, тадқиқотларнинг сифат ва долзарблик жиҳатдан юқори даражада бўлишига хизмат қилади. Бунда илмий тадқиқот ишлари техник жиҳатдан мукаммал бўлиши ва тижоратлаштириш имкониятига эга бўлиши кераклиги талаб этилади. Яъни илм-фан ва саноат ҳамкорлигини ўзида мужассам этувчи ишланмаларга алоҳида эътибор қаратилади.
Лойиҳа доирасида ўзбекистонлик олимлар ва ёш тадқиқотчилар иштирокида халқаро стандартларга жавоб берадиган амалий тадқиқотларни молиялаштириш учун грантлар, шунингдек, талаба ва олимлар учун хорижда ўқиш ёки тадқиқот олиб бориш учун стипендиялар тақдим этилиши режалаштирилган. Танловларда иштирок этиш учун юбориладиган аризалар тадқиқотнинг илмий қиймати, Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёти учун тадқиқотларнинг долзарблиги, етакчи халқаро илмий-тадқиқот ташкилотлари билан қўшма тадқиқотлар ўтказиш салоҳияти ва имкониятлари нуқтаи назаридан баҳоланади ва хулосалар чиқарилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги