Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Осиё парламент ассамблеяси бош котиби билан учрашув
2019-12-24 | Сиёсат
2019 йил 23 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида юртимизда парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловда иштирок этиш учун халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрган Осиё парламент ассамблеяси бош котиби Муҳаммад Ризо Мажидий билан учрашув бўлиб ўтди.
Даставвал меҳмонга Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистоннинг тинчлик, хавфсизлик ва минтақада барқарорликни сақлашдаги муҳим роли хусусида сўз юритилди. Шунингдек, Олий Мажлис қуйи палатаси фаолияти, унинг қўмиталари ва фракциялари иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар юзасидан ҳам қисқача маълумот берилди.
Учрашувда куни кеча парламент Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайлов жараёнларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқишда халқаро ташкилотларнинг таклиф ва мулоҳазалари ҳамда хорижий тажрибанинг инобатга олингани ижобий баҳоланди.
Мулоқот чоғида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Осиё парламент ассамблеяси ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди.
Учрашув самимий, ўзаро ишчанлик руҳида ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси