Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Япония билан илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
2019-12-19 | Фан
19 декабрь куни Токио шаҳрида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Япония фан ва технология агентлиги президенти Мичинари Хамагучи билан учрашди. Учрашув давомида томонлар икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек илм-фан, таълим соҳаларида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш борасида музокаралар олиб бордилар.
Музокаралар натижаларига кўра, Япония фан ва технологиялар агентлиги (JST) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди. Таъкидлаш жоизки, Япония фан ва технологиялар агентлиги Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги қошида фаолият кўрсатиб, ҳукумат томонидан илм-фан ва технология соҳасида қўйилган вазифаларга асосланиб, фундаментал тадқиқотлар ҳамда янги технологияларни тижоратлаштириш, илмий-техник маълумотларни тарқатишни молиялаштириш бўйича асосий давлат органларидан бири ҳисобланади.
Мазкур ўзаро ҳамкорлик Меморандуми доирасида Инновацион ривожланиш вазирлигини Глобал тадқиқот кенгашига аъзоликка кириш чора-тадбирлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Глобал тадқиқот кенгаши виртуал ташкилот бўлиб, унинг таркибига бутун дунё бўйлаб илмий ва технологик молия институтлари раҳбарлари киритилган. У дунё бўйлаб молиялаштириш институтлари ўртасида юқори даражадаги ҳамкорлик қилиш учун энг яхши тажрибаларни қўллаб-қувватлайди, ўзра маълумотлар алмашишга хизмат қилади.
Шунингдек, Токио санъат университети билан биргаликда ўзбек олимлари ва мутахассисларининг “Сакура илмий режаси” дастури доирасида фан ва технология соҳасида тажриба алмашуви ташкил этилади. Маданий-меъморий ёдгорликларни қайта таъмирлаш соҳасида илмий ходимлар алмашилади.
Бундан ташқари, Япон фан ва технологиялар агентлиги (JST) ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳамкорлигида амалга ошириладиган, Япония ва ривожланаётган давлатларда глобал муаммоларни ечиш учун қаратилган тадқиқотларни молиялаштирувчи SATREPS дастури билан кенг миқёсли ҳамкорлик йўлга қўйилади. SATREPS дастури доирасида қишлоқ хўжалиги, ирригация, метеорология ва тиббиёт соҳаларида Орол денгизи муаммолари ва сув ресурслари муаммоларига қаратилган илмий тадқиқот лойиҳалари амалга оширилади. Лойиҳа муваффиқиятли амалга оширилган такдирда юртимизга 1 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилиши кўзда тутилган.
Мичинари Хамагучи, ўз навбатида, агентлик Нагоя университети билан ҳамкорликда инженерия ва технологиялар соҳасида талаба ва тадқиқотчилар алмашинувини молиялаштиришга тайёрлигини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги