Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Япониянинг Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазири билан меҳнат миграцияси сохасида ўзаро маълумот алмашиш ва меҳнат тизимини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан учрашув ўтказди
2019-12-19 | Жамият
2019 йил 18 декабрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов бошчилигидаги делегация Япониянинг Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазири, жаноб Като Катсунобу билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Япониянинг Техник стажёрлар малакасини ошириш дастури ҳамда “ТОКУТЕ ГИНО” дастури бўйича Японияга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш ва тажриба орттириш учун борадиган Ўзбекистон фуқароларининг япон иш берувчилари билан меҳнат муносабатлари ва у ердаги корхоналарда яратилган меҳнат шароитлари юзасидан музокаралар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан фуқароларимизга Япониянинг иш берувчи корхоналарида меҳнат учун тўланадиган иш ҳаки минимал миқдорлари чегараси белгиланиши, ишчи-ходимларга мўлжалланган ижтимоий ҳимоя механизмлари мавжудлиги, фуқаролар соғлиғи билан боғлик суғурта харажатлари қопланиши, меҳнат шароитлари нормасига риоя қилиниши ҳамда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик шартлари асосий мезон сифатида белгиланди.
Ўз навбатида, Япониянинг Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазири жаноб Като Катсунобу вазирликлар ўртасида имзоланган Меморандумга асосан Ўзбекистондан келадиган махсус малакали ишчиларни қабул қилиш ва Японияда рўйхатдан ўтказиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш доимий тартибда алоҳида назоратга олинишини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, Япония фуқаролари билан бир хил меҳнат шароитларида ишлаши ҳамда ижтимоий ҳимояга эга бўлишини таъминлашда Япония Адлия вазирлиги билан бирга назорат ўрнатилиши билдирилди.
Бугунги кунгача Япония ҳукумати томонидан фақат 9 та давлат билан меҳнат муносабатлари олиб борилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг ўнинчи давлат сифатида шу руйхатга қўшилганлиги икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги