Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Япониянинг OTIT ташкилоти билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан музокаралар ўтказди
2019-12-19 | Жамият
2019 йил 17 декабрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов бошчилигидаги делегация Япониянинг “Чет эллик техник стажёрлар малакасини ошириш ташкилоти” (OTIT) президенти жаноб Ёшио Сузуки билан Токиода учрашув ўтказди.
Учрашув аввалида жаноб Ёшио Сузуки Ўзбекистоннинг “Махсус малакали ишчилар” дастури тўлақонли иштирокчи мақомига эга хорижий меҳнат ресурсларини ишга қабул қилиш тизимини амалга ошириш доирасида ҳамкорлик Меморандуми имзолангани билан қутлаб, Япония давлати ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида эришилган ютуқларни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Учрашув давомида томонлар жорий йилнинг январь ойида имзоланган “Япониянинг Техник стажёрлар малакасини ошириш дастурини амалга ошириш” бўйича ҳамкорлик Меморандуми доирасида қилинаётган ишлар ва эришилган натижаларни муҳокама этиб, келгусидаги ҳамкорлик режаларини келишиб олди.
“Япониянинг Техник стажёрлар малакасини ошириш дастурини амалга ошириш” бўйича ҳамкорлик Меморандумининг мақсади Ўзбекистон фуқоролари томонидан Япония ташкилотларида тажриба, технологиялар, билим ва кўникмаларни эгаллаб, соҳани ривожлантириш учун зарурий салоҳиятга эга бўлиш ва шу орқали Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришга ҳисса қўшишдир.
“Чет эллик техник стажёрлар малакасини ошириш ташкилоти” (OTIT) ушбу Меморандумни амалга ошириш вазифаси юклатилган ваколатли орган бўлиб, техник стажёрларнинг тажриба, билим ва кўникмаларни эгаллашига қўмаклашиш доирасида 2800 дан зиёд иш берувчи ассоциация ва 60 000 иш берувчилар фаoлиятини назорат қилади.
Учрашув давомида тизимдаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал қилиш йуллари юзасидан батафсил келишиб олинди.
Ўзбекистонда япон тилини ўрганиш тизими эътиборли даражада ташкил килинганлиги жаноб Ёшио Сузуки томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Учрашувда томонлар кунчиқар мамлакатда меҳнат фаолиятини олиб бориш ва шу орқали малака ошириш мақсадида бўлган ўзбекистонлик фуқароларни талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш ва япон тилини ўқитиш масаласи бўйича керакли чора-тадбирлар кўрилиши юзасидан келишдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги