Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳарбий қисмларда сайловчилар учун зарур шароитлар яратилмоқда
2019-12-17 | Сайлов
Айни пайтда мамлакатимиз эртасига бевосита алоқадор бўлган сиёсий жараён арафасида турибмиз. Яъни, 2019 йилнинг 22 декабрь куни мамлакатимиз парламентининг Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади.
Мудофаа вазирлиги қўшинлари, ҳарбий қисмлар ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларида ташкил этилган сайлов участкаларида сайловчилар учун барча зарур шароитлар яратилди.
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртидаги 216-сайлов участкасида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари Тошкент вилояти ҳамда Чирчиқ шаҳар Кенгашлари депутатлиги учун номзодларга овоз тўпланади.
– Ушбу сайловга бешта сиёсий партиядан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди тарғибот-ташвиқот материаллари сайлов участкамизнинг энг қулай кириш қисмидан ўрин олган. Сайловчилар барча номзодларнинг иш фаолияти, илгари сураётган ташаббус ва ғоялари ҳамда ўз олдига қўйган мақсадлари билан яқиндан танишиш, батафсил маълумот олиш имкониятига эга, – дейди майор Азиз Абдувоитов. – Айни пайтда сайлов участкамизда 1344 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларга, сайлов комиссияси аъзоларига, халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларига барча шароитлар яратилди. Тиббиёт хонаси, кўчма сайлов қутиси шай ҳолатга келтирилган. Бундан ташқари, ҳар бир бўлинмаларимизда сайлов тарғиботи бурчакларини ташкил этганмиз.
Шунингдек, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлар томонидан ҳам мазкур муҳим сиёсий жараёнга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Сайлов участкалари фаолияти намунали йўлга қўйилиб, замонавий талаблар даражасида жиҳозланиши таъминланди. Буни биз билан суҳбатда бўлган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларнинг фикри ҳам тасдиқлайди.
– Бу йилги сайловолди жараёни аввалгиларидан тубдан фарқ қилмоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали ташкил этилаётган дебатларда ҳам партияларнинг жиддий курашга киришганини кузатиб боряпмиз, – дейди Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмнинг шартнома бўйича ҳарбий хизматчиси, оддий аскар Муҳиддин Аҳмедов. – Бу йилги сайлов илк маротаба Ўзбекистон Сайлов кодекси асосида ўтказилиш билан аҳамиятлидир. Бешта партиядан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди тарғибот тадбирларида қатнашиш ва тарқатма материаллари билан батафсил танишиш асносида аниқ бир тўхтамга келдим. Мен ўз конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиб, фуқаролар манфаатларини амалда ифода эта оладиган муносиб номзодга овоз бераман!
Эслатиб ўтамиз, овоз бериш 22 декабрь якшанба куни соат 8:00 да (илгари соат 6:00 да) бошланади ва 20:00 да ниҳоясига етказилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги