Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Трансформация: давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизими қай даражада ўзгарди?
2019-12-12 | Технологиялар
Давлат хизматлари ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланмоқда. Мисол учун, ҳар куни фуқаролар боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиш, уни болалар боғчасига, кейинчалик эса кейин мактабга жойлаштириш, СТИР олиш, қарздорлик мавжудлиги ёки судланмаганлик ҳақида маълумот, бизнес очиш ва уни ривожлантириш учун турли лицензиялар олиш заруриятига дуч келмоқдалар.
Бугунги кунда ушбу жараёнларни битта жойда — Давлат хизматлари марказида амалга ошириш мумкин.
Буларнинг барчаси давлат раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йил 12 декабрда давлат хизматлари миллий тизимини ислоҳ қилиш бўйича туб қадам ташланган пайтдан бошланди. Шу заҳотиёқ янги давлат тузилмаси яратилиб, унга бюрократияни олдини олиш, шунингдек, фуқароларнинг давлат органларига ишончи ва умидларини оқлашдек юксак вазифалар юклатилди.
Давлат хизматлари рақамларда
Давлат хизматлари марказлари халқимизга очиқлик, шаффофлик ва тезкорлик тамойиллари асосида фуқаролар кундалик ҳаётида зарур бўлган давлат хизматларини олишлари мумкин бўлган ўзига хос масканга айланди.
Бугунги кунда уларнинг сони 201 тага етди — Республикамизнинг ҳар бир туманида мавжуд. Уларда 120 га яқин давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Аҳоли орасида энг оммабоп хизматлар босқичма-босқич жорий этилмоқда.
2017 йил давомида “Ягона дарча” марказлари орқали 120 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилган бўлса, Агентлик ташкил этилганидан буён бугунги кунга қадар 15 миллионга яқин хизматлар тақдим этилди.
Норма ижодкорлиги соҳасида ҳам талайгина ишлар қилинди:
- давлат хизматларини олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар сони 112 тадан 52 тага қисқартирилди;
- давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари икки баробарга, яъни – 280 кундан 126 кунгача қисқартирилди.
Ҳозирда мамлакат бўйлаб янги, шинам Марказлар қурилиши бошлаб юборилган бўлиб, бутун республика бўйлаб 60 га яқин бундай бинолар фойдаланишга топширилди.
Марказларнинг янги бинолари махсус услубда безатилган бўлиб, қўшимча қулайликлар инобатга олинган. Улар орасида онлайн-хизматларни олишга мўлжалланган маълумот киосклари, зал бўйлаб жойлаштирилган кўрсаткичлар, тақдим этилаётган хизматларнинг сифатини баҳолаш учун пультлар, электрон навбат чипталари ва қулай кутиш жойларини таъкидлаш мумкин.
Шунингдек, янги биноларда она ва бола хонаси, тиббий ёрдам пункти, давлат божларини тўлаш учун касса, давлат хизматларини олиш жараёнларини ҳамда навбатингиз тартиб рақамларини намойиш этувчи мониторлар, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш учун махсус бурчаклар, кутубхона, кафе ва бепул Wi-Fi тармоғидан фойдаланиш имкониятлари мавжуд.
Ногиронлар учун тегишли қулайликлар яратилган бўлиб, бир сўз билан айтганда, ҳар бир фуқарога индивидуал ёндашилган.
Туман марказларидан узоқда яшовчилар учун жойларда ДХМ шохобчалари очилмоқда. Бугунги кунда уларнинг сони 53 тага этди. 2019 йил 1 декабрь ҳолатига ушбу филиаллар туфайли 37 мингга яқин одамнинг вақт ва транспорт харажатлари тежалди.
Ҳар ҳафта дам олиш кунлари ДХМга келиш имкони мавжуд бўлмаган фуқаролар учун тасдиқланган жадвалга аосан сайёр давлат хизматлари тақдим этилади. Бунинг учун махсус жиҳозланган автобуслар ва Дамаслар ишлатилади. Бугунги кунга қадар сайёр тартибда 372 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилди.
Хизмат олувчилар қулайлиги учун Марказларнинг иш куни 20.00 гача узайтирилди.
Жорий этиладиган технологик ечимлар
Фуқароларга қулайлик яратиш учун агентликнинг расмий веб-сайти (www.davxizmat.uz) орқали онлайн тарзда электрон навбатни олиш имконияти жорий этилди. Ушбу тизим ДХМ электрон навбат платформаси билан интеграция қилинган бўлиб, бу билан ДХМ инфокиоскларида берилган чипталар билан бир хил навбатларни юзага келиш эҳтимоли бартараф этилади. Айни пайтда электрон навбат ускуналари ўрнатилган 130 га яқин Давлат хизматлари марказларида масофадан туриб навбат учун чипта олиш мумкин. 2019 йил охирига қадар ушбу қулайликни барча ДХМларда жорий этиш режалаштирилган.
2019 йил 1 ноябрдан ДХМга ташрифни режалаштириш имконияти — “Олдиндан рўйхатдан ўтиш” функцияси ишга туширилди. Ушбу қулайлик, қулай вақтда навбатга ёзилиш, тегишли кун ва соатни олдиндан танлаш имкониятини англатади.
2019 йил 1 июндан бошлаб хизматларнинг аксариятини экстерриториаллик тамойили, яъни яшаш жойидан қатъий назар исталган Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиб, зарур бўлган хизматни олиш мумкин.
Давлат хизматлари марказида давлат божлари ва пуллик хизматларни Upay, Payme, Click, Paynet, Uzcard, Oson, Websum каби таниқли тўлов тизимлари орқали тўлаш имкони мавжуд.
Тез вақтда фаолиятини реал вақт режимида кузатиб бориш — хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ қоидабузарликларни аниқлаш ва бошқалар кабиларни амалга оширишга имкон берадиган ситуацион марказ ишга тушириш режалаштирилган.
Шахсни идентификация қилиш учун электрон имзо мосламаларини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилган.
Ишга туширилган махсус платформа орқали бизнес-шерик (юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор) маълумотларини текшириш, унинг ишончлилигига амин бўлиш мумкин. Юридик шахслар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда корхона рўйхатдан ўтган санадан бошлаб, раҳбар, муассислар ва уларнинг устав капиталидаги улушлари тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилган.
Истиқболдаги режалар
Давлат хизматлари агентлиги тезкор ва сифатли давлат хизматларидан аҳолининг 100% фойдаланиш имконига эга бўлишидан манфаатдордир. Шу сабабли бугунги кунда Давлат хизматлари агентлиги фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури билан биргаликда амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” лойиҳасини таъкидлаш муҳим бўлиб, унда қуйидагилар кўзда тутилган:
- қишлоқ жойлардаги аҳолининг заиф қатламлари, айниқса, аёллар, ёшлар ва болалар, қариялар ва ногиронларнинг турмуш даражасини яхшилаш борасида Ўзбекистон ҳукуматининг муҳим қадамларидан бири бўлмиш давлат хизматларининг сифатини ошириш, чунки айнан мана шу гуруҳлар рақамлаштириш жараёнига нисбатан таъсирчан;
- давлат хизматларини кўрсатиш тизимида шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш. Бунга фуқароларнинг барча қатламлари томонидан маълумот олишнинг энг илғор тажрибаларини ўрганиш ва жорий этиш, реал вақт режимида давлат хизматларини кўрсатиш сифатини мониторинг қилиш орқали эришилади;
- давлат хизматларини кўрсатишнинг турли босқичларида инсон омилини чеклаш учун бу жараёнларни автоматлаштириш;
- коррупциянинг олдини олиш чораларини қўллаш.
Шунингдек, лойиҳа доирасида республиканинг 5 та вилояти – Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларидаги Давлат хизматлари марказларида халқаро талабларга жавоб берадиган давлат хизматларининг юқори стандартлари синовдан ўтказилади. Яқин келажакда эса ушбу тажриба барча Марказларда жорий қилинади.
Бундан ташқари, барча фуқароларнинг яшаш жойидан қатъи назар давлат хизматларидан тезкор фойдаланишларини таъминлаш мақсадида лойиҳа доирасида маҳаллаларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида давлат хизматлари марказларининг шоҳобчаларини очиш режалаштирилмоқда.
Манба: Давлат хизматлари агентлиги