Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
2020 йилнинг январь-май ойларида 1911 та мактабгача таълим ташкилотлари янгича тартибда аттестациядан ўтказилади
2019-12-12 | Таълим
11 декабрь куни Мактабгача таълим вазирлигида “Мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш – таълим сифатини оширишнинг муҳим омили” мавзусидаги Республика семинар бўлиб ўтди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказишдаги янгича тартиблар тўғрисида сўз борди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Матбуот хизмати хабар берди.
Видеоселектор тарзида ташкил этилган семинарда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, Мактабгача таълим вазири Агреппина Шин, инспекция ва вазирликнинг тегишли бошқарма бошлиқлари, ҳудудий бўлими бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар мактабгача таълим бошқармаларининг таълим жараёни сифатини таъминлаш бўлими бошлиқлари, Тошкент шаҳридаги туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимларининг таълим жараёни сифатини таъминлаш бўлими мутахассислари, 2020 йилда аттестацияга жалб этиладиган мактабгача таълим ташкилотлари мудиралари иштирок этишди.
Маълумки, Мактабгача таълим ташкилотларида сифатли таълим-тарбия беришнинг асосий омилларидан бири сифатида тарбияланувчилар сифатли билим олишлари учун етарлича шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамиятга эга.
Мактабгача таълим ташкилотларнинг аттестацияси айни шу мақсадга йўналтирилган бўлиб, унда тарбияланувчиларнинг етарлича билим олишлари учун муассасада яратилган шароитларга баҳо берилади. Аттестация жараёнида педагог тарбиячиларнинг салоҳияти, иш ҳужжатларининг юритилиши, хоналарнинг жиҳозланиши ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш чоралари кўрилади. Бу борада ота-оналарнинг фикрлари ва талабларини инобатга олган ҳолда муассасани ривожлантириш бўйича “Йўл харита”лари белгиланиб, амалга татбиқ этилади. Пировардида мактабгача таълим ташкилотларидаги шароитлар яхшиланиб, таълим сифати ошишига эришилади.
Шу кунгача бу жараён туман (шаҳар) ҳокимликлари қошида ташкил этилган ва ҳоким ўринбосари раислик қиладиган аттестация комиссиялари томонидан амалга оширилар эди.
Бироқ, ушбу тизим таълим сифатини оширишда, бу борада мактабгача таълим муассасаларида етарли шароитларни яратишда кутилган натижани бермади.
Комиссиялар томонидан Аттестация жараёнларида аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган йўл хариталарини тузиш ва унинг ижросини таъминлашга эътибор қаратилмаган.
Ушбу ҳолатлар бугунги ислоҳотлар даврида мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги ҳуқуқий меъёрий ҳужжатларни замон талабларига мувофиқ илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштиришни тақозо этган эди.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 470-сонли қарори билан “Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди.
Тасдиқланган низом аввалгисидан тубдан фарқ қилиб, унга кўра аттестация жараёнлари мутлақо янги тартиб асосида ташкил этилиши белгиланди.
Хусусан, мактабгача таълим ташкилотларида ташқи аттестация давомийлиги эса 10 кундан 3 кунгача қисқартирилди.
Мазкур низомга мувофиқ мактабгача таълим ташкилотларини 2020-2024 йилларда аттестациядан ўтказиш графиги тасдиқланди ҳамда БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСEФ нинг кўмагида халқаро экспертлари жалб этган ҳолда аттестациядан ўтказиш мезонлари ишлаб чиқилди.
Ушбу график ва мезонлар асосида 2020 йил январь-май ойлари давомида 1911 та мактабгача таълим ташкилотлари аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилиши режалаштирилган.
Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев янги баҳолаш мезонлари илғор халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда ЮНИСEФ экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилганлигини айтар экан, ушбу жараёндаги бир қатор янгиликлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказувчи комиссия таркиби тубдан қайта кўриб чиқилган. Эндиликда аттестация комиссияси туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан эмас, балки бевосита мактабгача таълим бўлими томонидан бошқарилиши белгиланганди.
Семинарда сўзга чиққан мактабгача таълим вазири Агреппина Шин муҳтарам Президентимиз бошчилигида амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ юртимизда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони ва болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш қамрови сезиларли даражада ошганини таъкидлар, эндиликда муассасалар сонини ошириш билан бирга биринчи навбатда уларда сифатли таълим берилиши назорат қилинишини ҳамда бу борада вазирлик Таълим инспекцияси билан ишончли ҳамкорлик давом эттирилишини маълум қилди.
Тадбир давомида мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказишдаги янгича тартиблар ҳақида маълумот берадиган видеоролик намойиш этилди.
Шундан сўнг сўзга чиққан инспекция ва вазирлик мутахассислари мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини баҳолаш воситалари ва механизмлари соддалаштирилиб, аттестациядан ўтказиш ва аккредитациялаш жараёнлари электронлаштирилганини бўйича маълумот беришди. Эндиликда жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ички ва ташқи баҳолаш ўтказилиши белгиланиб, таълим муассасаларининг бевосита ўзини ўзи баҳолашда иштирок этиши кўзда тутилган.
Семинар давомида мутахассислар томонидан таълим муассасаларини ички ва ташқи баҳолашдан ўтказиш тартиблари баён этилиб, шўба йиғилишларида муҳокама қилинди ва иштирокчиларга семинар материаллари тарқатилди.
Мазкур семинар материаллари асосида жорий йил декабрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар миқёсида ҳамда туман (шаҳар)лар миқёсида тарғибот ишлари давом эттирилиб, низом талабларини барча мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларига, ҳар бир педагог ходимларгача етиб боришини таъминлаш бўйича келишиб олинди.
Манба: «Халқ сўзи»