Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар нафақат юртдошларимиз, балки бошқа мамлакатлар, халқаро экспертлар эътиборини ҳам тортмоқда
2019-12-12 | Таълим
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов раислигида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ходимлари ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари иштирок этди.
Мазкур йиғилишда Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:
– Ўзбекистонда халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар нафақат юртдошларимиз, балки бошқа мамлакатлар, халқаро экспертлар эътиборини ҳам тортмоқда. Тизимдаги мана шундай улкан ўзгаришлардан бири — давлатимиз раҳбари қарори асосида ташкил этилган Президент мактаби бўлди. Мазкур мактаб иқтидорли ёшларга қучоқ очди. Мамлакатимизда ташкил этилаётган Президент мактаблари янги авлод кадрларини тарбиялашда муҳим асос бўлиши шубҳасиз. Чунки мазкур ўқув масканлари иқтидорли болаларни аниқлаш, илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларга сабоқ бериш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим бўлади. Таълим жараёни ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ўқув режалар ва дастурлар бўйича инглиз тилида олиб борилади. Шундай мактабларнинг бири бугун Нукус шаҳрида ҳам фойдаланишга топширилди. Президент мактаби оддий мактаблар билан ўзаро тажриба алмашиш борасида локомотив бўлиши керак.
Шунингдек, вазир Шерзод Шерматов ўтган ўқув йили якуни бўйича таълим сифати мониторинги, фан олимпиадаси ва билимлар беллашувида ўқувчиларнинг ўзлаштиришида аниқланган бўшлиқларни тўлдириш бўйича аниқ ҳамда самарали усуллар ҳақида фикр билдирди. Жумладан, ўқитувчининг дарсга пухта тайёргарлик кўришига эришиш, таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш, фан методбирлашмалари ва методика кенгашлари фаолиятини кучайтириш, ёш педагогларга методик кўмак берилишини йўлга қўйиш, ХТХҚТМОИ билан ҳамкорлик ўрнатиб, методик хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича билдирилган фикр-мулоҳазалар ижобий қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги