Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туризм соҳасидаги ходимларга қўйиладиган талаблар стандартлари ишлаб чиқилди
2019-12-03 | Туризм
Ўзбекистон Республикасида туризм тармоғи жадал ривожланаётган бир вақтда меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари, ресторанлар, туристик-экскурсия, овқатланиш, тоғ чанғиси трассалари ва пляжларда хизмат кўрсатувчи ходимларни тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга.
Юқорида қайд этилган хизматлар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси (ДУК) томонидан сертификатлаштирилиши лозим.
Бугунга келиб, туризм соҳасидаги ходимларга доир талабларни белгилайдиган Oʻz DSt 3417:2019 “Туризм хизматлари. Жойлаштириш воситаларида хизмат кўрсатадиган ходимларга доир умумий талаблар” ва Oʻz DSt 3418:2019 “Туризм хизматлари. Туроператор ва турагентлар ходимларига доир умумий талаблар” давлат стандартлари ишлаб чиқилди.
Ходимларга доир умумий талабларни қуйидагича белгиланади: - базавий профессионал тайёргарлик; - эгаллаб турган лавозимига мувофиқ амалий тажриба; - меҳнат қонунчилиги асосларини билиш; - тегишли фаолиятда стандарт ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш; - профессионал одоб-ахлоқни билиш ва унга риоя қилиш; - юқори тезкорлик ва очиқлик; - сайёҳлар хавфсизлигини таъминлайдиган хизматлар билан доимий ҳамкорликка тайёр туриш; - биринчи тиббий ёрдам кўрсата олиш ва жисмоний имконияти чекланган шахсларга хизмат кўрсатиш вақтида махсус билим ва кўникмалага эга бўлиш; - хорижий тилларни ёки кўп ишлатиладиган мулоқот тилларини билиш.
Ҳар бир тоифадаги ходимлар учун муайян функционал мажбуриятлар ҳуқуқ ва малака талаблари кўрсатиб ўтилган лавозим йўриқномаларида акс эттирилади. Ходимлар республикамиз ва чет эл олий ўқув юртларида, шунингдек, фаолият соҳасига қараб коллежлар ва махсус курсларда базавий таълимни олишади.
Туризм соҳасида хизмат кўрсатадиган ходимларга доир талаблар биринчи навбатда меҳмондўстликка асосланади. Бу, айниқса, бизнинг мамлакатимизга тааллуқлидир, зеро Ўзбекистон ўзининг меҳмондўстлиги билан машҳур. Туризм ва меҳмондўстликни алоҳида кўриб чиқиш мумкин эмас. Туристлар ўз саёҳати мақсадидан келиб чиққан ҳолда турли хизматларнинг истеъмолчиси ҳисобланади. Ходимларнинг фаолияти нафақат туристларнинг, балки барча истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган бўлиши керак. Меҳмондўстлик соҳаси хизматларнинг турли фаолият доираларини ўз ичига олади – туризм (чиқиш, кириш, ички, экстремал, маълумот олиш ва б.), дам олиш, шу жумладан санаторий-курорт даволаш, меҳмонхона ва ресторан бизнеси, умумий овқатланиш, маданий дам олиш тадбирлари (танловлар, кўргазмалар, музейлар, анжуманлар, экскурсиялар ва бошқалар).
Ходимлар туризм соҳасидаги энг муҳим ресурс ҳисобланади ва истеъмолчиларнинг хизматлардан қаноатланиши уларнинг лаёқатлилиги, самимийлиги ҳамда профессионаллигига боғлиқдир.
Шу сабабли ходимларга қўйиладиган талабларни белгиловчи ушбу давлат стандартларида хизмат кўрсатувчи ходимларни баҳолаш мезонлари мавжуд. Фаолият турига қараб хизмат кўрсатиш вақтида хавфларни идентификация қилиш ва хавфларни мақбул даражагача камайтириш ёки салбий таъсирнинг олдини олиш мақсадида хавфларга жавоб бериш тартиб-таомилларига эга бўлиш лозим.
Туроператор фаолиятининг тажрибасига қараб ходимларни баҳолаш тартиб-таомили ишлаб чиқилади, унга мувофиқ ишчи гуруҳ ҳар бир ходимни баҳолайди. Режалаштирилган даврда ички баҳолашни ўтказиш ва ўз фаолиятини таҳлил қилиш мақсадга мувофиқдир. Бу фаолиятнинг кучли ва заиф томонларини баҳолашга имкон беради. Якуний натижа – иш фаолиятини яхшилаш бўйича чораларни ишлаб чиқиш.
Лаёқатли ходим хизмат кўрсатувчи корхоналар фаолиятининг муваффақиятли асосидир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги