Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқаро олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари тақдирланди

2019-12-03 | Таълим

Жорий йилнинг 2 декабрь куни Тошкент шаҳрида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси - 2019” республика танлови ҳамда халқаро олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4306-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра эндиликда халқаро олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади:

1-ўрин (олтин медаль) учун – 500 (111,5 млн. сўм), ўқитувчисига – 450 баравар (100,35 млн. сўм);

2-ўрин (кумуш медаль) учун – 300 (66,9 млн. сўм), ўқитувчисига – 250 баравар (55,75 млн. сўм);

3-ўрин (бронза медаль) учун – 200 (44,6 млн. сўм), ўқитувчисига –150 бараварида (33,45 млн. сўм).

2019 йилда Ўзбекистон терма жамоаси Халқаро олимпиадаларда жами 8 та медални қўлга киритди. Жумладан, 11-22 июль кунлари Буюк Британиянинг Бат шаҳрида бўлиб ўтган 60-Халқаро математика олимпиадасида (IMO) Ўзбекистон жамоаси 1 та бронза медаль (2018 йилда медал олинмаган) ва 3 та диплом, 14-21 июль кунлари Венгриянинг Сегед шаҳрида бўлиб ўтган 30-Халқаро биология олимпиадасида (IBO) Ўзбекистон жамоаси 3 та бронза  медаль (2018 йилда медал олинмаган), 21-30 июль кунлари Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган 51-Халқаро кимё олимпиадасида (IChO) Ўзбекистон жамоаси 2 та кумуш ва 2 та бронза медаль (2018 йилда 2 та бронза медали) соҳиби бўлди.

Каримов Исломжон ва Моҳира Болтаева халқаро олимпиадаларда иккинчи ўринни қўлга киритди. Жасурбек Имомов, Саидахон Валижонова, Хосиятхон Қудратова, Ҳусен Эгамов, Улуғбек Бойирбеков ва Диёр Хайитовлар халқаро олимпиадаларда бронза медаль соҳибига айланди.

2 декабрь куни бўлиб ўтган тадбирда халқаро олимпиадаларнинг кумуш медаль соҳиблари Исломжон Каримов ва Моҳира Болтаевага (ҳар бирига) 66,9 млн. сўмдан, уларнинг ўқитувчилари Бахтиёр Усманов ва Дилшод Ҳайдаровга эса 55,7 млн. сўм топширилди.

Бронза медаль соҳиблари 44,6 млн. сўм ва уларнинг ўқитувчилари эса 33,45 млн сўм билан рағбатлантирилди.

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси - 2019” республика танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси - 2019” республика танлови 19 март куни бошланиб, унда иштирок этиш учун 88 мингдан зиёд ўқитувчи рўйхатдан ўтган.

Танлов уч босқичда туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва республика миқёсида 13 та фандан бўлиб ўтди.

Мазкур танловда умумий ўрта таълим мактабларида дарс бераётган олий маълумотли, камида 3 (уч) йиллик педагогик стажга, иккинчи ва ундан юқори малака тоифасига эга бўлган ўқитувчилар иштирок этиши белгиланган эди. Ҳар бир ўқитувчи фақат битта фандан қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Жорий йилги танловда иштирокчилар Facebook ижтимоий тармоғи орқали фаолиятини #yiloqituvchisi2019 ва #йилўқитувчиси2019 хэштегларидан фойдаланган ҳолда мунтазам ёритиб бориши талаб этилди. Ушбу янгилик кенг оммани ўқитувчилар фаолияти билан таништириб бориш мақсадида танлов шартларига киритилди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг Республика босқичи жорий йилнинг 11-13 сентябрь кунлари мамлакатимизнинг барча вилоятларида фанлар кесимида ташкил этилди.

Жумладан, Тошкент вилоятида она тили ва адабиёти, Тошкент шаҳрида жисмоний тарбия, Андижонда математика, Қашқадарёда информатика ва ахборот технологиялари, Бухорода физика, Сирдарёда биология, Жиззахда кимё, Самарқандда география, Фарғонада давлат тили, Сурхондарёда бошланғич таълим, Хоразмда давлат ва ҳуқуқ асослари, Наманганда мусиқа, Навоийда инглиз тили фанларидан ўтказилди.

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси - 2019” танловининг Республика босқичи иштирокчилари қуйидаги шартлар асосида беллашди: биринчи босқич ижтимоий тармоқларда тўплаган овозлар сонига қараб 20 балл, иккинчи босқич дарс ўтиш машғулотлари асосида 50 балл ва учинчи босқич тест синовлари 30 балл, жами 100 баллик асосда баҳоланди.

Танлов натижасига кўра жами 34 нафар ўқитувчи ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Танловнинг республика босқичида 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган ғолиблар энг кам иш ҳақининг 15, 12, 8 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланди.

Тақдирлаш маросимида танлов ғолибларига пул маблағи ва дипломлар топширилди.

Маросим доирасида таълим соҳасида узоқ вақт фаолият юритган Оқил Cалимов ва Ғайрат Шоумаров баркамол авлодни камол топтиришда қўшган ҳиссаси учун тақдирланди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Поделиться