Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
2021 йилгача тез ёрдам тизими халқаро стандартларга жавоб берадиган, замонавий автомобилларга тўлиқ ўтади
2019-11-29 | Соғлиқни сақлаш
Ўтган қисқа вақт мобайнида шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати тобора замонавийлашиб бораяпти. Кейинги йилларда тез ёрдамнинг ҳам махсус санитар автотранспорт парки янгиланди. Бугунги кунда тизимда икки ярим мингга яқин “Nissan “Hunday”, “Toyota” русумли ва бошқа замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Айни пайтда тез ёрдам автопаркини янада замонавийлаштириш ишлари тизимли давом этмоқда.
2021 йилгача “Дамас” автомашиналаридан тўлиқ воз кечилиб, халқаро андазалар даражасида жиҳозланган замонавий тиббий ёрдам машиналарига ўтилади. 2019 йил якунига қадар барча тез ёрдам машиналарида қулай алоқани, чақириқлар учун машинани тезкор йўналтиришни таъминловчи GPS тизимини тўлиқ йўлга қўйиш белгиланган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан аҳолига шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати, ютуқлар ва муаммоларга бағишлаб ташкил этилган матбуот анжуманида қайд этилди.
Унда таъкидланганидек, сўнгги уч йил мобайнида тиббиётнинг ушбу йўналишини ривожлантириш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шошилинч тиббий ёрдам тизимида диагностика ва даволаш ишлари ҳам жаҳон тиббиёти билан ҳамқадам ривожланмоқда. Шошилинч тиббий ёрдам шифохоналарида суяк синиши ва жароҳатларида янгича жарроҳлик ва эндопротезлаш амалиётлари, асаб ва юрак қон-томир тизими касалликларида янгича операциялар, ошқозон-ичак касалликларида юқори технологияли амалиётлар ва бошқа илмий-амалий янгиликлар инсон саломатлигини асраш ва ногиронликнинг олдини олишда муҳим самаралар бермоқда. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида трансплантология бўлими ташкил этилиб, ҳозирги кунгача 80 дан ортиқ буйрак трансплантацияси амалиёти бажарилди.
Кенг қамровли ислоҳотлар натижасида аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишончи ортмоқда, мурожаатлар йил сайин ошиб бораяпти. Масалан, таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 миллионни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида эса мурожаатлар сони тўққиз миллиондан ошган.
Шу билан бирга, шошилинч тиббий ёрдам хизматининг стационар муассасаларига ҳам мурожаатлар кўпаймоқда. Жумладан, 2017-2019 йилларда ушбу шифо масканларига 7,5 миллиондан зиёд бемор мурожаат қилган. Улардан 2,5 миллион нафари стационар, 5 миллиондан ортиғи эса амбулатор тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлганган. Стационарда даволанган беморларнинг 500 мингдан ортиғига юқори технологияли хирургик амалиётлар бажарилган.
Қолаверса, шошилинч ёрдам кўрсатиш хизматлари тизимида сall-марказлар ташкил этилиб, у ерда шифокорлар фаолият юритиши, “тез ёрдам” машиналари GPS-мосламалари билан жиҳозланиши халқимизнинг саломатлигини муҳофазалашда муҳим омил бўлмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги