Самарқандда Бутунжаҳон туристик шаҳарлар федерацияси (WTCF) ташаббуси билан туризмни ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган “Битта макон – битта йўл” мавзусида Марказий Осиё минтақавий конференцияси ўтказилди.
Унда жаҳондаги етакчи QYER Company Limited, Utour, Caissa каби сайёҳлик, Tourizm Capital, Palminvestment Co., Shougang Concord International Enterprises Co.Ltd каби инвестиция компаниялари, шунингдек, Пенанг (Малайзия), Тбилиси (Грузия), Гаага (Нидерландия), Танжинг Пандан (Индонезия) каби шаҳарлар вакиллари иштирок этди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Чжан Вэньчуань, Бутунжаҳон туристик шаҳарлари федерацияси бош котиби ўринбосари Ли Баочун сўзга чиқиб, бу каби анжуманлар Ўзбекистоннинг, хусусан, Самарқанд вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини жаҳон майдонида кенг тарғиб этиш, бу соҳадаги етакчи шаҳарлар тажрибасидан фойдаланиш учун қўшимча имкониятлар яратиши ҳақида таъкидлаб ўтишди.
– Самарқанд ташкилотимизга аъзо бўлганидан буён шаҳарнинг туристик салоҳияти ва имкониятларини ошириш борасида жуда катта ўзгаришлар бўлганини кузатяпмиз, – дейди Бутунжаҳон туристик шаҳарлар федерацияси экспертлар кенгаши аъзоси Дин Пэй И. – Бу ўзгаришлар нафақат тарихий обидаларни асраб-авайлашда, балки турли мамлакатлардан келаётган сайёҳларни ўзига жалб қилувчи янгидан-янги иншоотлар, сайёҳлик объектлари қад ростлаётганида намоён бўлмоқда. Асрлар оша бутун дунё халқларини ўзига жалб қилиб келган, Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Самарқанд жаҳоннинг йирик сайёҳлик марказига айланишига ишонаман.
Конференция иштирокчиларига яқин йилларда Самарқанд шаҳрининг сайёҳлик салоҳияти, халқаро инвестицияларни жалб қилиш ҳамда ривожланиш истиқболлари мавзусидаги лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Тадбир якунида сайёҳлик ва инвестициялар бўйича хитойлик ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасида B2B, G2B форматдаги учрашувлар ташкил этилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА
Манба: ЎзА