Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати ютуқлари намойиши

2019-11-28 | Иқтисодиёт

“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар залида 27 ноябрь куни қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати бўйича “UzAgroExpo – 2019” “UzProdExpo – 2019” XV халқаро кўргазмалари очилди.

Мазкур кўргазмалар “Internetional Expo Group” компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.
 
Кўргазмалар иштирокчиларининг 80 фоизи Германия, Франция, Нидерландия, Испания, Туркия, Хитой, Корея Республикаси, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Эрон, Исроил, Чехия, Украина, Грузия, Латвия, Молдова, Шри-Ланка каби мамлакатлардан келган 150 га яқин хорижий компаниялардир.
 
Тадбирларнинг очилишида чет эл бизнес вакилларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бораётгани, маҳаллий ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди.
 
Анъанавий “UzAgroExpo” халқаро кўргазмаси Осиё ва Европа минтақасида қишлоқ хўжалиги саноатига бағишланган йирик тадбирлардан биридир. Бу йилги кўргазмада замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмлар, технологик материаллар, иссиқхона хўжаликлари, чорвачилик, паррандачилик, дон саноати технологиялари намойиш этилмоқда. Улардан бири Тошкент шаҳридаги “Экосув» компанияси тақдим этаётган тупроқ ости томчилатиб суғориш тизимидир. Мазкур технология кўргазма иштирокчиларида қизиқиш уйғотмоқда.
 
– Ушбу технологиянинг афзаллиги шундаки, уни қўллаш орқали сувни 80 фоизгача, ўғитни 70 фоизгача тежаш мумкин, механизация харажати ҳам қисқаради, – дейди компания директори ўринбосари Икром Ҳасанов. – Тупроқ ости томчилатиб суғориш тизими бир марта ўрнатилади, мавсум тугагандан сўнг уни йиғиб олишга зарурат йўқ, 20 йилгача фойдаланиш мумкин. Мазкур тизим орқали бир нафар сувчи бир кеча-кундузда ўн гектар ерни суғориши мумкин.
 
“UzProdExpo – 2019” экспозицияларида озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга қайта ишлаш, совутиш, қадоқлаш технологиялари, ускуналар намойиш этилмоқда. Россия экспорт маркази қўмагида Воронеж, Пенза, Брянск вилоятлари, Олтой, Ставрополь ўлкалари, Бошқирдистон Республикаси стендлари ҳам ташкил этилган бўлиб, улар янада гавжум.
 
Беларусь Республикаси стендида мазкур мамлакат етакчи компания ва корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини баҳолаш имконияти яратилган.
 
– Мамлакатимиз компаниялари мазкур кўргазмаларда ҳар йили иштирок этади, – дейди Беларусь Савдо-саноат палатаси директори Евгений Введенский. – Кейинги йилларда Ўзбекистонда бизнес соҳаси янада эркинлашди, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ошмоқда. Мазкур жараён, қолаверса, давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабатлар Ўзбекистон – Беларусь ишбилармон доираларининг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамламоқда. Биз “UzAgroExpo – 2019” ва “UzProdExpo – 2019” доирасида ана шу ҳамкорликни янги йўналишлар бўйича ҳам кенгайтириш имконияти кўплигига ишонч ҳосил қилдик.
 
Кўргазмалар 29 ноябрга қадар давом этади. Улар доирасида маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар учун махсус семинарлар ташкил этилади.
 

Малоҳат ҲУСАНОВА, Оқил ҒУЛОМОВ​ (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться