Тошкентда 27 ноябрь куни МДҲ Давлатлараро статистика қўмитаси, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ва Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳамкорлигида “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларда аҳолини рўйхатга олиш: 2020 йил давраси” мавзуида халқаро семинар бўлиб ўтди.
Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, етакчи илмий марказлар тадқиқотчилари, олимлар, маҳаллий ва хорижий экспертлар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Бугунги кунда МДҲ мамлакатларида аҳолини рўйхатга олиш бўйича муҳокамалар олиб борилмоқда. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2022 йилда мамлакатимиз замонавий тарихида биринчи марта аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши белгиланган.
Маълумки, Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш сўнгги 30 йилда биринчи марта ўтказилмоқда. Шунга кўра, рўйхатга олиш дастурларига киритиш учун кўрсаткичлар, саволлар тарифи ва уларни тўлдириш учун услубий кўрсатмалар Ҳамдўстликка аъзо давлатлар статистика идоралари билан келишилди. Бу минтақада аҳолининг фаол ҳаракатланиши учун муҳим бўлган миграция ҳажми ва оқими тўғрисида солиштирма маълумотларни олиш ва Ҳамдўстлик мамлакатлари нуфусининг умумий ишчи кучини баҳолаш имконини беради.
Тадбирда жорий йил октябрь ойида Озарбайжон ва Беларусь Республикаларида ўтказилган аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари, мамлакатимиз ва Ҳамдўстликка аъзо бошқа давлатларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик жараёни, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларини мониторинг қилиш учун аҳолини рўйхатга олиш ахборот манбалари имкониятлари ҳақида сўз юритилди.
– Ўзбекистонда охирги марта аҳолини рўйхатга олиш 1989 йилда ўтказилган, – дейди Давлат статистика қўмитаси масъул ходими Шерзод Дўснаев. – Бугунги кунда аҳолини рўйхатга олиш имкониятлари кенгайди. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва маълумотларни тўплашнинг рақамли усулларидан кенг фойдаланиш, электрон харита ва анкеталар, интернет, маъмурий маълумотлар манбалари шулар жумласидан. Мазкур халқаро семинар Ҳамдўстлик мамлакатлари статистика идоралари мутахассислари учун ўзаро тажриба алмашиш имконини беради, аъзо давлатларнинг статистик салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА мухбири
Манба: ЎзА