Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Стартапчиларимиз Қозоғистонда қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида шартнома имзоладилар
2019-11-25 | Инновация
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказилган стартап лойиҳалар танлови ғолиблари – “Agrowin” ва “N.E.F.” стартап-корхоналари вакиллари USAID дастурининг Марказий Осиёда рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринларини яратиш лойиҳаси таклифига биноан Қозоғистоннинг Шимкент шаҳрида ўтказилган Тўққизинчи Марказий Осиё савдо форумида иштирок этдилар.
Бу минтақавий савдони рағбатлантиришга бағишланган энг йирик йиллик тадбирлардан биридир. Галдаги форумнинг мавзуси “Мева-сабзавот соҳасидаги инновациялар ва инвестицион ёндашувлар“ бўлиб, унда Марказий ва Жанубий Осиё, Европа ва АҚШ Давлат сектори вакиллари ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Мазкур форум доирасида N.E.F.” стартап-корхонаси Қозоғистон мева-сабзавотчилик илмий-тадқиқот институтининг “Сариагаш“ минтақавий филиали билан қўшма корхона ташкил этиш бўйича шартнома имзолади. “N.E.F.” (“New ecological feed” – “Янги экологик озуқа”) қорамол, қўй, қуён, парранда, балиқ учун ем маҳсулотлари тайёрлашнинг янги технологиясини ишлаб чиқаришга жорий этган. Мазкур стартап жамоаси витаминларга бой омихта озуқалар, парранда, чорва ёки бошқа ҳайвон турларининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ем маҳсулотлари ва қўшимчалар тайёрлаш, қишки мавсумда чорва учун барра ўт етиштириш билан шуғулланади.
Ҳамкорликнинг мақсади ташкилотларнинг техник салоҳиятини бирлаштириш, тажриба алмашиш ва “N.E.F - Янги экологик озуқа“ ҳамда Қозоғистон мева-сабзавотчилик ИТИнинг “Сариагаш“ минтақавий филиали ўртасида икки томонлама ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришдир. Шартнома, шунингдек, витамин маҳсулотлари, омихта ем ва уларнинг махсус таркибий қўшимчаларини ишлаб чиқаришни кўзда тутади.
Ўз навбатида, “Agrowin” стартап лойиҳаси 2019-йилда ташкил этилган бўлиб, “in vitro” усулида мевали, манзарали, хона кўчатлари ва пайванд тагларини кўпайтириш билан шуғулланади. Лойиҳа муаллифларининг қайд этишича, улар Қозоғистон, Қирғизистон компаниялари билан бизнес алоқаларини йўлга қўйиб, халқаро тадбирда иштирок этишнинг илк тажрибасига эга бўлишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги