Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БМТ Тараққиёт дастури билан бирга Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлаш кучайтирилади
2019-11-25 | Жамият
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида меҳнат соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳамда “Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” лойиҳасини амалга ошириш масалалари юзасидан БМТ Тараққиёт дастури вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, барқарор ривожланиш Кластери раҳбари Хуршид Рустамов ҳамда Меҳнат вазири Нозим Хусанов бошчилигидаги вазирлик масъуллари иштирок этди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича белгиланган Ҳаракатлар стратегиясида аҳоли бандлиги масаласи муҳим ижтимоий тармоқлардан бири сифатида қайд этилиб, унда, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш алоҳида таъкидланган.
Мазкур вазифани самарали амалга ошириш ҳамда шу орқали ёшларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” лойиҳасини ишга туширмоқда.
2019-2021 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳа уч асосий йўналишда амалга оширилади:
1. Меҳнат бозоридаги фаол сиёсат орқали ёшлар бандлигига кўмаклашиш ва қўллаб- қувватлаш.
2. Ёшлар тадбиркорлиги ва бизнес-стартапларини ривожлантириш.
3. Ёшлар бандлигига кўмаклашишда кўрсатиладиган хизматлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги имкониятларини кенгайтириш.
Учрашув давомида томонлар ушбу лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ истиқболли масалалар хусусида фикр алмашиб, бу борада ҳамкорликни янада кучайтириб боришга келишдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги