Тошкент давлат юридик университети 22 ноябрь куни М.Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети билан ҳамкорлик шартномаси имзолади.
Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва самарали ҳамкорлик тарихий дўстлигимизнинг мантиқий давоми бўлиб, ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада юксак босқичга кўтарди.
Маълумки, жорий йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили ўтказилмоқда. Ушбу йил доирасидаги тадбирлар санъат, фан, таълим, маданият ва тадбиркорлик соҳалари вакилларига ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, билим ва тажриба алмашишда муҳим омил бўлмоқда.
Икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги мазкур шартнома Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 11 июлдаги “Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ҳамкорликда қўшма олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим дастурларини амалга ошириш, эришилган ютуқларни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга оид банди ижросини таъминлаш мақсадида имзоланди. Ушбу ҳужжат томонлар ўртасида юридик кадрлар тайёрлаш, илмий соҳада ҳамкорлик қилиш, академик алмашинув дастурларини амалга оширишни назарда тутади.
Тадбирда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишда мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Томонлар мазкур шартнома замонавий илм-фан, техника ва технологияларни ўзлаштириш, халқаро интеграция шароитида рақобатбардошлик ва ўзаро манфаатдорликни янада оширишда ҳамкорлик қилишга йўл очишини қайд этдилар.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА
Манба: ЎзА