Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ижтимоий тармоқларда 293-мактаб бўйича тарқалган ҳолатга изоҳ
2019-11-22 | Жамият
Бектемир туман халқ таълими бўлими 293-мактаб бўйича тарқалган ҳолатга қуйидагича изоҳ беради.
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни мактабга жиянини олиб кетиш учун келган номаълум шахс (жинси аёл) кун совуқ бўлгани учун навбатчидан рухсат сўраб, ошхонада иссиқ чой ичишга киради. Мактаб ошхонасидан сотиб олган чойидан 5-6-синф ўқувчиларига ичишни таклиф этади. Шу пайт қўнғироқ чалинади ва ўқувчилар дарсга бироз кечикиб киради. Ҳолатга аниқлик киритиш учун синф раҳбари Н.Ансарова ўқувчилар билан мулоқот қилган нотаниш шахс ҳақида директор Н.Таджибаевани огоҳлантиради. Мактаб раҳбари ошхонага тушиб, номаълум шахс билан савол-жавоб ўтказади. Берилган саволларга аниқ жавоб бера олмаган фуқаро ҳақида дарҳол туман ИИБ ходимларига хабар беради.
Мактабга келган туман ИИБ ходимлари фуқаро билан суҳбатлашиб, унга тегишли бўлган сумка ва кийимларни текширади. Текширув жараёнида сумкадан щприц борлиги маълум бўлди. Бу жисмларни фуқаро ўқувчиларга кўрсатмаган ва уларнинг соғлиғига зарар етказадиган ҳеч қандай хатти-ҳаракат қилмаганлиги аниқланди.
Шунингдек, туман ИИБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилганида, ушбу фуқаро (08.04.1996 йил туғилган Каунбаева Махлиё Азимжон қизи) Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳри ИИБда бедарак йўқолганлар рўйхатида эканлиги ва соғлиғида муаммоси (руҳий хаста) борлиги маълум бўлди. Яшаш жойи аниқланиб, фуқаронинг онаси (Муҳаббат Мирамитова) ва Олмалиқ шаҳар ИИБ ходимларининг қўлига топширилган.
Фуқаронинг онаси фарзандини соғлиғида муаммоси борлигини, лекин ҳеч кимга зарари тегмаслигини тасдиқлаб, адашиб бориб қолганлигини маълум қилади.
Шу муносабат билан, ижтимоий тармоқларда тарқалган нотўғри маълумотлар ўз тасдиғини топмаганлигини билдирамиз.
Барча мактаб раҳбарларига доимий равишда муассасадаги ҳар бир ҳолатни назорат қилиш ва бегона шахсларни ўқув масканига киритишни таъқиқланиш бўйича топшириқ берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги