Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маданият ва санъат: Ўзбек ва япон ёшлари ўзаро тажриба алмашади
2019-11-22 | Маданият
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев бошчилигидаги делегация Японияга расмий ташриф билан борди. Сафарда турли учрашувлар, ўзбек санъаткорлари иштирокидаги концерт дастурлари ўтказилади.
Ташриф доирасида маданият вазири Б.Сайфуллаев Япониянинг нуфузли таълим маскани – Токио санъат университети ректори билан учрашди.
Мазкур университет 1949 йилда ташкил этилган бўлиб, ўз ичига бадиий музей, академик кутубхона, опера, оркестр бадиий медиа-марказлари, концерт заллари, қадимий санъатни ўрганиш тадқиқот институти, ижрочилик санъати, мусиқашунослик марказларини қамраб олган.
Университет ректори Кадзуки Савва билан учрашувда Ўзбекистон ва Японияда санъат соҳасидаги таълим муҳокама қилинди. Бу борада ўзига хос хусусиятлар, ўқитиш тизимидаги ўхшашлик юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, институтларда яратилган шароитлар, фаолият давомида эришилаётган ютуқларга назар ташланиб, бунда иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, истеъдодини намойиш этиши учун шароит яратиш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбек ва япон талабаларининг ўзаро тажриба алмашинувлари, ўқитувчи, профессорларнинг малака оширишлари учун ҳамкорлик қилиш таклифи илгари сурилди.
Манба: ЎзА